Ўсимликлар карантини соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлиги таҳлил қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни ўсимликлар карантини соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар ва экспорт сиёсатининг асосий мақсади – мамлакатимиз маҳсулотларини жаҳон бозори талабларига мослаштириш. Шунинг учун, ўсимликларни ҳимоя қилиш йўналишини ислоҳ қилиб, Ўсимликлар карантини инспекцияси ташкил этилди. Халқаро стандартларни жорий этиб, экспортга кўмаклашиш, хорижий давлатлар билан битимлар тузиш, ўсимликлар клиникаси ва биолабораториялар ташкил қилиш, шунингдек, соҳага илм-фан ютуқларини олиб кириб, малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борадаги дастлабки қадамлар натижасида 19 давлатга 78 хил маҳсулотни экспорт қилиш учун рухсатномалар олинди.

Сертификация учун ўнлаб қоғоз ҳужжатлар ўрнига ягона электрон тизим жорий этилиб, экспортчиларнинг аризаларини кўриб чиқиш муддати 10 кундан 1 кунга туширилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари соҳада амалга оширилаётган ишлар бўйича тақдимот билан танишиб, навбатдаги вазифаларни кўрсатиб ўтди.

Янги экспорт бозорлари топиб, маҳсулотларни ҳозирги нархидан 3-4 баравар қимматроқ сотиш имконияти борлиги айтилди. Товарларни халқаро фитосанитария талаби асосида тайёрлаш учун маҳсулот етиштирувчи, қадоқловчи ва экспорт қилувчи ҳар бир корхонага карантин инспекторларини бириктириш бўйича кўрсатма берилди.

Литва, Латвия, Украина, Озарбайжон, Миср, Қатар, Монголия, Афғонистон ва бошқа давлатлар билан музокара ўтказиб, гилос, анор, узум, қовун каби мева-сабзавотлар экспорти учун тадбиркорларга йўл очиб бериш вазифаси белгиланди. “Даладан экспортгача” тамойили бўйича тўлиқ ишлашни таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Маълумки, келгуси йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мўлжалланган. Бунинг учун соҳанинг илмий салоҳиятини ошириш, халқаро сертификация тизимини татбиқ этиш керак. Шу боис давлатимиз раҳбари бу бўйича йирик илмий марказ ташкил этиш таклифини илгари сурди. Фан билан амалиёт уйғунлигини таъминлаш, экспортчи корхоналар мутахассисларига халқаро фитосанитар талабларни тушунтириш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларида ҳам халқаро фитосанитария талаблари ўқитилади.

Бугун соҳада хусусий сектор иштирокида ўсимликлар 205 та клиникаси, 690 та биолаборатория мавжуд. Сифат ва рақобатни таъминлаш мақсадида бундай хусусий клиника ва биолабораторияларни кўпайтириш лозимлиги таъкидланди.

Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига 1 декабрга қадар ўз маълумотлар базасини божхона органларининг “Ягона дарча” электрон тизимига тўлиқ интеграция қилиш вазифаси қўйилди.