Ўсмир йигит севган қизини рашк қилиб жиноятга қўл урди

Жиноят иши ҳужжатларига кўра, вояга етмаган (16 ёшли) Ҳамидулло Р. 2020 йилнинг 7 ноябрь куни соат 22:30 ларда Наманган шаҳар Соҳил МФЙ ҳудудида мактабдоши, вояга етмаган (17 ёшли) Ғиёсиддин Н. билан “Нега менинг яхши кўрган қизимга СМС жўнатдинг” деб, ўзаро жанжаллашган. Унинг қорин соҳасига пичоқ билан бир маротаба қасддан уриб, тан жароҳати етказган.

Бироқ жорий йилнинг 9 ноябрь куни кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан жабрланувчи касалхонанинг жонлантириш бўлимида олган оғир тан жароҳати оқибатида вафот этган.

Ҳодиса содир бўлган жойга етиб борган тергов-тезкор гуруҳи жойни кўздан кечириб, Бодомзор кўчасидан оқиб ўтувчи ариқ бўйидан тан жароҳати етказишда фойдаланган бир дона ёғоч сопли ошхона пичоғи ҳамда ҳодиса жойидаги қон доғларини аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирган.

Тиббий маълумотномага кўра, жабрланувчининг баданида қориндаги санчилган, кесилган тарзидаги жароҳати бўлиб, чарви инвентаризацияси, жароҳатидан қон сизиб чиқиши кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар бўйича ИИО ФМБ 2-ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан фуқаро Ҳамидулло Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг хабар беришича, ҳозирда Ҳамидулло Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “Д” банди билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.