Отасининг нафақасига яшаётганлар…

Меҳнат қилиб, жамиятда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилиш тушунчаси улар учун бутунлай ёт. Чунки текин томоқ бўлиб, бировга суяниб яшашга одатланиб қолишган. ўзим гувоҳ бўлган ҳолатни келтириб ўцам.

Маҳалламизда беш кишидан иборат оила бор. Оиланинг яшаш шароити оғир. Оила бошлиғи соғ-саломат, меҳнатга лаёқатли бўлса-да, ишламайди. Маҳалламиз фаоллари келишиб иш топиб беришди, лекин ёшлигидан ишлаб ўрганмаган эркак бунга чидамайди, ишни ташлаб кетди. Оилада пенсионер ота бор,  рўзғор ёши бир жойга бориб қолган отахоннинг пенсия пули эвазига. Оиладаги аёл бечора пенсияни  у ойдан бу ойга етказаман деб овора. Ҳолбуки, фарзандлар катта бўлмоқда, эхтиёжлар кундан-кунга ортяпти, аммо оила бошлиғининг парвои фалак. Пенсионер отахон ўғлини тарбиялашда меҳнатга ўргатмагани, илмли қилмаганидан афсусда.

Жамиятимизда шундай инсонлар борки, меҳнат қилишга кучи бор, соғлиғи жойида, лекин дангаса. Ўзимга яхши таниш бўлган талабалар орасида ҳам шундайлар учрайди. Ўзи мехнат қилмай, вазифаларни тўлиқ бажармай, хўжакўрсинга дарс қилади, яна домла билан баҳо учун тортишади.

Фикримизча, камбағаликнинг асоси дангасалик ва билимсизликдир. Меҳнат қилмасдан боқиманда  бўлиб яшаш ёки мени пешонамга йўқсил бўлиб яшаш битилган  экан, "берсанг ейман, урсанг ўламан" қабилида яшаш ҳам камбағаликка сабаб бўлади.

Жамиятимизда шундай оилалар борки, топган тутгани билан фарзандини ўқитади, илмли қилишга интилади. Яна шундай оилалар ҳам борки, пул топди дегунча дабдабали тўй қилиш ҳаракатига тушади ё бўлмаса ҳашаматли уй қуради, машина олади. Лекин фарзандимни ўқитиб, ҳунарли ёки билимли қилай, халқимизга фойдаси тегадиган инсон бўлсин, бир кунига ярайди деган фикрлардан анча йироқдир.

Бу жамиятимизнинг энг оғриқли нуқталаридан бири. Ўйлаб қарасам, камбағаллик даволаб бўлмас касаллик эмас, инсон меҳнат қилса, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланса муҳтож бўлиб яшамайди.

Гулсиной Абдуллаева.