Ўтган йилда юқумли касалликлар камайди

Ўтган йилда ўткир вирусли гепатит касалликлари 1602 тага камайган бўлиб, ўткир ичак инфекцияси касалликлари, айниқса, болалар орасида 1539 тага камайди.

Қорин тифи ва инфекцион мононуклеоз касалликлари кейинги 3 йилда умуман қайд қилинмади. 18 ёшгача бўлган болалар орасида юқумли касалликлар туфайли ўлим ҳолати сезиларли даражада камайди.

Респиратор касалликлар 1484 тага, ўпканинг сурункали обструктив касалликлари 386 тага, болалар орасида рахит касаллиги ва унинг асоратлари 240 тага қадар камайди.

Аҳоли орасида скрининг тадбирлари ўтказилди

Юқумли бўлмаган касалликлар (инфаркт, инсульт, қандли диабет, сурункали нафас аъзолари касалликлари) олдини олиш бўйича вилоятда 40 ёшдан ошган 1 миллион 171 минг нафар фуқароларнинг 936 минг нафарини (80 фоиз) махсус текширувлар ва саволнома асосида юқумли бўлмаган касалликларни келтириб чиқарувчи хавф омилларини эрта аниқлаш бўйича скрининг тадбирлари ўтказилди.

Соғлом турмуш тарзи шифохоналардан бошланди

Вилоят аҳолисига соғлом турмуш тарзини тарғибот қилишда Соғлиқни сақлаш бошқармасида махсус бўлим ташкил этилиб, ҳафтанинг ҳар шанба кунлари шаҳар ва туман марказларидаги истироҳат боғларида даволаш муассасалари жамоаси иштирокида оммавий юриш марафони ва гимнастика машқлари ўтказилиб келинмоқда. Вилоятдаги барча даволаш муассасаларида беморлар ва ходимлар учун 15 турдаги тренажёрлардан иборат спорт майдончалари ташкил этилди.

Дори воситалари билан таъминлаш миқдори ўсди

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларига жорий йилда дори воситалари ва тиббий буюмлар хариди учун давлат бюджетидан 69 миллиард 500 миллион сўм ажратилиб, 2018 йилда тасдиқланган маблағга нисбатан 15 фоизга кўпроқ маблағ ажратилиши натижасида вилоятдаги тиббиёт муассасаларни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш даражаси бирмунча ўсди.

Шундан қишлоқ врачлик пунктлари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникаларига бириктирилган ҳар бир фуқаро ҳисобига дори-дармон воситалари учун 3135 сўмдан маблағ режалаштирилаётганлиги сабабли жорий йилда 10 миллиард 11 миллион сўм ажратилган.

Бу ўтган йилга нисбатан 69 миллион сўмга ортганлиги, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларига битта шифо-ўрин кунига 8544 сўмдан маблағ кўзда тутилаётганлиги туфайли жорий йилда ушбу муассасаларга 16 миллиард 513 миллион сўм белгиланган (бу миқдор ўтган йилга нисбатан 2 миллиард 898 миллион сўмга кўпайган).

54 та янги хусусий клиника очилди

2019 йил якунига янгидан ташкил этилиши режалаштирилган 7 та хусусий корхона ўрнига 2019 йилда 54 та янги хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилиб, уларнинг сони 453 тага етди.

2019 йил якунида 10 та хусусий корхона фаолияти кенгайтирилди.  Шундан 364 таси амбулатор ва 89 таси стационар шароитда 30 турдаги ихтисосликлар бўйича аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.

35 мамлакат фуқароларига тиббий хизмат кўрсатилди

Амалга оширилган ишлар натижасида 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида дунёнинг 35 мамлакатидан ташриф буюрган 1800 дан ортиқ хорижий меҳмонларга тиббий хизмат кўрсатилди. Уларнинг 346 нафари терапия, 173 нафари неврология, 163 нафари травматология ва ортопедия, 139 нафари онкология, 92 нафари хирургия, 76 нафари эндокринология, 76 нафари акушер-гинекология, 57 нафари урология, 36 нафари кардиология, 36 нафари стоматология, 16 нафари қон томир хирургияси соҳалари бўйича даволаниб кетишга эришди.

 

Электрон поликлиникалар тўлиқ ишга тушди

Ягона электрон руйхатга олиш ва интернет тармоғи орқали шифокор қабулига ёзилиш “Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизими вилоятдаги барча туман (шаҳар) марказий поликлиникалари (16 та) ва шаҳар оилавий поликлиникаларига (11 та) жорий этилган. Бугунга қадар 875 мингдан ортиқ ахолининг “Тиббий карта” маълумотлари электрон базага киритилган. Фуқаролар масофадан интернет тармоғи орқали шифокор қабулига навбат олиш имкони ва поликлиникаларга мурожаат этганда электрон навбатга қўйиш йўлга қўйилган.