Ойжонда ҳар сотих ер даромад келтиряпти
Каттақўрғон туманидаги Ойжон маҳалласида аҳоли томорқа ерларидан самарали фойдаланиб, меҳнат орқали яхшигина даромад топмоқда.
Маҳалла азалдан меҳнаткаш, тадбиркор ва изланувчан аҳолиси билан танилган бўлиб, бугунги кунда ҳам ҳар бир хонадонда меҳнат ва барака муҳити ҳукм сурмоқда.
Айни пайтда маҳалладаги 650 хонадоннинг 170 тасида иссиқхоналар ташкил этилган. Шунингдек, 120 та хонадон асаларичилик, 20 та хонадон гулчилик билан шуғулланмоқда. Бу кўрсаткичлар аҳолининг томорқа ерларидан оқилона фойдаланиб, қўшимча даромад манбаларини яратаётганидан далолат беради.
Маҳалладаги ана шундай оилалардан бири Зокир Нодиров хонадонидир. У ўз томорқасида 10 сотих майдонда 4 та иссиқхона барпо этган. Шундан 2,5 сотих ерда бодринг, қолган 7,5 сотих майдонда помидор етиштирилмоқда.
Ҳозирда иссиқхоналардаги маҳсулотлар пишиб етилган бўлиб, маҳаллий бозорларга мунтазам етказиб берилмоқда. Бозорларда бодрингнинг бир килограмми ўртача 5 минг сўмдан, помидор эса 10 минг сўмдан сотилмоқда. Бу эса нафақат оила даромадини оширишга, балки бозорлар тўкинлиги ва аҳоли дастурхони фаровонлигини таъминлашга хизмат қиляпти.
Маҳаллада асаларичилик соҳасида ҳам самарали фаолият юритилмоқда. Жумладан, Зокир Комилов хонадонида 14 қути асалари парвариш қилинмоқда. Ушбу оила аъзолари асаларичиликни қўшимча даромад манбаи сифатида ривожлантириб, табиий ва сифатли асал маҳсулотлари етиштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ойжон маҳалласидаги бундай ибратли тажрибалар юртдошларимиз учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу ерда “бир қарич ер ҳам бекор ётмаслиги керак” деган ҳаётий тамойил амалда ўз ифодасини топяпти.
Жаҳонгир Сафаров.