Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги зиддият бўйича Ўзбекистон ўз расмий муносабатини билдирди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда Озарбайжон Республикаси ва Aрманистон Республикаси муносабатларидаги кескинликнинг ошиши Ўзбекистон Республикасида жиддий ташвиш уйғотаётганлиги маълум қилинган.

«Ўзаро қарама-қаршилик чоғида ҳарбий кучнинг ишлатилиши икки томондан ҳам кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилаётган давлат сифатида МДҲ ҳудудида дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, баҳсли масалаларни халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий мос равишда тинч йўл билан ҳал қилинишининг муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Озарбайжон Республикаси ва Aрманистон Республикасини ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатишга ҳамда можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақирамиз», - дейилади Ўзбекистон баёнотида.