Озарбайжонда қисман жанговар шайлик эълон қилинди

Арманистон билан Тоғли Қорабоғдаги зиддиятли вазият туфайли Озарбайжон қуролли кучлари қисман мобилизация (жанговар шайлик ҳолати) эълон қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Озарбайжон президенти ва олий бош қўмондони Илҳом Алиев мазкур буйруққа имзо қўйди.

“Озарбайжон президенти мамлакатда қисман мобилизацияга ўтиш тўғрисида эълон қилиш ҳақидаги буйруққа имзо қўйди”, дейилган унинг матбуот хизмати хабарида.

Бироз илгари тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ва Арманистон жанговар ҳолат ва умумий мобилизация эълон қилган эди.

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Қорабоғ туташ чегарасидаги вазият 26 сентябрь якшанба куни зиддиятли тус олди. Тан олинмаган республика Озарбайжон ҳарбийлари уларнинг ҳудудида, шу жумладан, пойтахт Степанакертда ҳам ўт очганини маълум қилди. Маълумотларга кўра, тинч аҳоли орасида ҳам қурбонлар бўлган.

Бунга жавобан Боку барча айбни Ереванга тўнкади. Озарбайжон мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, биринчи бўлиб Арманистон томон ўт очган, Озарбайжон қуролли кучлари фақатгина ҳужумни қайтариш тадбирини амалга оширган.

Арманистон ҳарбийларининг сўзларига кўра, Қорабоғга нисбатан Озарбайжон томонидан ҳаво ҳужуми уюштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси вазият юзасидан ўз муносабатини билдирди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда “Озарбайжон Республикаси ва Aрманистон Республикасини ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатишга ҳамда можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақирамиз», дейилган.

Бундан ташқари, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси ва бошқа бир қатор давлатлар икки томонни босиқлик ва дипломатия йўли билан вазиятни ҳал қилишга чақирди.