Ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарининг аудиокитоб шаклидаги варианти яратилди

Ўзбек ва дунё адабиётининг энг яхши намуналарини интернет тармоқларига жойлаштириш ва уларни тарғиб қилиш ҳамда кенг китобхонлар оммасига етказиш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида Республика болалар кутубхонаси томонидан “Икки эшик ораси”, “Сариқ девни миниб”, “Отамдан қолган далалар”, “Оқ кема”, “Шамол ортидан югуриб”, “Ўзбек халқ эртаклари” каби жами 40 номдаги ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти ҳамда жаҳон адабиётининг буюк бадиий намуналарининг аудиокитоб шаклидаги вариантлари яратилди, дея хабар қилади Халқ таълими вазирлигининг ахборот хизмати.

Ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури, дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани ҳамда халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йил якунига қадар Республика болалар кутубхонаси томонидан ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналаридан иборат яна 40 номдаги асарларни аудиокитоб шаклидаги вариантларини яратиш режалаштирилмоқда.