Ўзбекистон аэропортларида мустақил ўзини рўйхатдан ўтказиш тизими жорий этилди
Юртимиздаги барча халқаро аэропортларга босқичма-босқич йўловчиларнинг мустақил ўзини рўйхатдан ўтказиш Self Check-In замонавий тизими жорий қилинмоқда.
Бу тизим ҳаво транспорти коммуникациялари ва ахборот технологиялари соҳасида дунёда етакчи - SITA компанияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, шу кунларда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида 4 та шундай киосклар ўрнатилди.
Ўзини-ўзи рўйхатдан ўтказиш Self Check-In хизмати орқали йўловчиларнинг рўйхатдан тез ва осон ўтишлари таъминланади. Самолётнинг исталган ўриндиғидан жойни банд этиш ва бир вақтнинг ўзида жойлашиш ҳақидаги талонни ҳам олиш мумкин.
Саёҳатга отланганлар юкларини киоскдан мустақил рўйхатдан ўтказиб, парвоздан аввал уларни тегишли хизматларга топшириш имкониятлари мавжуд.
Пандемия чекловлари туфайли ҳозир бу киоск хизматларидан фақатгина «Turkish Airlines» авиакомпанияси йўловчилари фойдаланмоқда.
Режага кўра, бу амалиёт тизимли равишда Ўзбекистондаги 11 та халқаро аэропортларнинг ҳаммасига татбиқ этилади.