Ўзбекистон глобал очлик индексида 9 поғона кўтарилди
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги агентлиги (FAO) томонидан 2021 йил учун Глобал очлик индексида (Global Hunger Index) энг яхши деб топилган мамлакатлар рейтинги эълон қилинди.
2021 йил Глобал очлик индексида 116 та мамлакат иштирок этди. Беларусь, Босния ва Герцеговина, Бразилия, Чили давлатлари рейтингда энг юқори поғонада бўлса, энг кичик кўрсаткичлар Сомали, Сурия ва Жанубий Судан мамлакатларида кузатилмоқда.
Республика Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси ходими О.Пирмоновнинг маълум қилишича, мазкур индексда Ўзбекистон энг яхши деб топилган. Мамлакатимиз 9 поғона яхшиланиб, 49 та мамлакат орасида 5,9 балл билан 21-ўринни эгаллади. Ушбу маълумот Глобал очлик индекси расмий сайтида тақдим этилган.
Бу индекс ҳар бир мамлакат учун тўртта кўрсаткични жамлаш орқали аниқланади:
- тўйиб овқатланмайдиган аҳоли улуши;
- беш ёшгача бўлган вазни меъёрдан паст болалар улуши;
- беш ёшгача бўлган бўйи меъёрдан паст болалар улуши;
- беш ёшгача бўлган болаларнинг ўлим даражаси.
2020 йилда Ўзбекистон ушбу рейтингда 6,7 балл билан 30-ўринда кўрсатилган эди.
МДҲ давлатлари қуйидаги ўринларда:
1. Беларусь — 1;
2. Ўзбекистон — 21;
3. Россия — 25;
4. Грузия — 27;
5. Қозоғистон — 28;
6. Украина — 29;
7. Арманистон — 32;
8. Озарбайжон — 33;
9. Қирғизистон — 40;
10. Туркманистон — 48.