“Ўзбекистон темир йўллари” чипталарига чегирмалар эълон қилди

“Ўзбекистон темир йўллари” 2021 йил 31 декабрдан - 2022 йил 4 январгача, 2022 йил 21-23 март ҳамда 1-2 сентябрь кунларидаги чегирмаларни эълон қилди.

Унга кўра, чегирмалар қуйидагича белгиланган:

- Нафақахўрлар, ногиронлар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган фуқароларга чиптанинг тариф қисмидан 50 фоизи; 

- Олий ўқув юртлари талабалари, мактаб, коллеж ва лицей ўқувчилари, ИИВ, МВ, ДХХ, ДС, ДБ махсус таълим муассасалари талабаларига чиптанинг тариф қисмидан 15 фоизи; 

- Оилавий поездга чиқса (икки ёки ундан ортиқ киши – эри ва рафиқаси, эри ёки рафиқаси ва 18 ёшгача бўлган фарзандлари, отаси ёки 18 ёшга тўлмаган боласи бўлган она) (никоҳ гувоҳномаси ва қариндошликни белгиловчи ҳужжатлар нусхаси тақдим этилган ҳолда) чиптанинг тариф қисмидан 15 фоизи;  

- Бир жамоадан гуруҳ бўлиб поездга чиқса (4 кишидан ортиқ - йўриқнома асосида) чиптанинг тариф қисмидан 15 фоизи; 

- “Афросиёб” тезюрар электропоездларида барча тоифадаги йўловчиларга чиптанинг тариф қисмидан 10 фоизи.

Қайд этилишича, имтиёзли бўлган чипталарни фақат темирйўл кассаларида харид қилиш мумкин. Электрон чипталарда белгиланган чегирмалар расмийлаштирилмайди.