Ўзбекистон ва Ҳиндистон журналистлари ҳамкорлик меморандумини имзолади
Ҳиндистон Пресс-клубида ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Деҳлидаги дипломатия миссияси вакиллари, Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят «Зарафшон» ва "Самаркандский вестник" газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Муҳаммаджон Обидов икки давлат ўртасида сўнгги йилларда изчил ривож топаётган ҳамкорлик алоқалари, мамлакат ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари ҳақида сўзлаб берди.
Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг фаолияти, сўз ва фикр эркинлиги учун илғор халқаро тажрибага суянган ҳолда яратилган ҳуқуқий асос, нодавлат ахборот манбалари ва ижтимоий тармоқларнинг жамият ҳаётидаги мавқеи ошиб бораётгани, ушбу соҳада халқаро ҳамкорлик салмоғи йилдан йилга юксалаётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳиндистон Пресс-клуби вице-президенти Маноранжан Бҳарати ва бошқалар ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасидаги тарихий алоқалар бугунги кунда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини эътироф этди.
Томонлар Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатларининг бугунги юксак даражасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини икки мамлакат халқлари ва халқаро жамоатчиликка етказиш жараёнида оммавий ахборот воситалари алоҳида ўрин тутишига урғу бериб, бу йўналишда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича якдил фикр билдирди.
Музокаралар якунида М.Обидов ва М.Бҳарати ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашув ҳақидаги меморандумга имзо қўйди. Ҳужжатда Ҳиндистон Пресс-клуби ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими бундан буён тенг ҳуқуқли ҳамкорлик ўрнатгани, икки мамлакат оммавий ахборот воситалари ўртасида ўзаро ахборот алмашувига кўмаклашиши, ҳар йили журналистларнинг ўзаро медиа-турлари ва тажриба алмашинувларини ташкил этиши, биргаликда форум, конференция, ижодий танловлар ўтказиши белгилаб қўйилди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари сафар доирасида Ҳиндистоннинг турли етакчи оммавий ахборот воситалари, хусусан, оммабоп NDTV телеканали ва "The Economic Times" газетаси билан телекўрсатувлар ва ахборот материаллари алмашишни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди.