Нарпайлик журналист қиз ўзи ўқиган мактабда стипендия жорий қилди

Савобли амал қилишнинг катта-кичиги бўлмайди. Шунингдек, савобли иш учун инсон бадавлат бўлиши ҳам шарт эмас. Асосийси, ҳалол меҳнат билан топилган маблағдан қилинган эҳсон чин юракдан бўлиши керак.
Яқинда журналист Инобат Аҳатова ўзи ўқиган Нарпай туманидаги 52-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари учун стипендия жорий этди.
- Дадам хотираси учун қилган стипендиямизни “Кўмак” деб номладим, - дейди Инобат. - Биласизлар, бу жадидлар асос солган, туркистонлик ёшларнинг хорижда илғор билимларни ўқиб келиши учун ташкил этилган жамғарма номи. Тўғри, мен ўзим ташкил қилган кичик бир стипендияни бундай номлаб, жадидликка даъво қилмоқчи эмасман. Шунчаки, улар бошлаган ғоя, ҳаракатлар кичик кўринишда бўлса-да, давом этишини истадим.
Инобат Бекмирза қизи жорий этган стипендия икки йўналишдаги ўқувчиларга берилади. Биринчи йўналиш ғолиблари мактабда аъло баҳоларга ўқийдиган, фаол ўқувчилар орасидан имтиҳон асосида танланади. Иккинчи йўналишда эҳтиёжманд, кам таъминланган, оилавий шароити оғир ўқувчиларнинг ҳар ойлик қўшимча дарслари пули тўлаб берилади.
Яқинда биринчи йўналиш бўйича 6 нафар, иккинчи йўналиш бўйича 5 нафар ўқувчига стипендия берилди. Бу ташаббусдан мактаб жамоаси, ота-оналар жуда хурсанд бўлди.
- Мен доим таълим ҳомийси бўлган бой одамларга ҳавас қилганман, - дейди Инобат Аҳатова. - Яхшилик қилиш учун вазият, ҳомийлик қилиш учун бой бўлишни кутиш керак эмас экан. Ҳозир имконингиз борича ёрдам, яхшиликлар қилаверинг, эрта қандай бўлишини билмайсиз.