Ўзбекистон ва Испания олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик ўқитувчи ва талабаларга нима беради?
Айни кунларда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Ўзбекистон ва Испания олий таълим муассасаларининг икки томонлама учрашувлари бўлиб ўтмоқда.
Ректорлар иштирок этаётган мазкур таълим форумининг асосий учрашувларидан бири Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида ташкил этилди.
Учрашувда испаниялик ОТМ ректорлари билан бирга Самарқанд ва Жиззах шаҳарларидаги университет ва институтлар вакиллари иштирок этди. Унда томонлар ўртасида турли хил инновацион лойиҳаларни йўлга қўйиш, ҳамкорликда профессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларнинг тажрибасини ошириш, олийгоҳлар ўртасида халқаро алоқаларни янада кенгайтириш, шунингдек, архитектура ва қурилиш соҳалари бўйича янги таълим йўналишларини жорий этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Жараён давомида барча олийгоҳ ректорлари ўзлари фаолият олиб бораётган институт ва университетлар тўғрисида батафсил тақдимотлар қилишди. Хусусан, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ректори Чидем Туркйилмаз университетнинг тарихи, фаолияти ва ҳозирги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда келажакда амалга оширилиши мақсад қилинган стратегиялар билан таништирди.