Мардон Мавлонов ҳар куни пиёда юришини айтди ёки оммавий юриш нега ўтказилаётганидан хабарингиз борми?

Хабарингиз бор, Самарқандда бугун «Биз соғлом турмуш тарафдоримиз!» шиори остида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан оммавий юриш марафони бўлиб ўтди.

Унда вилоятдаги барча корхона, ташкилот, муассаса, маҳаллалардан 25 мингга яқин аҳоли иштирок этди. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигида старт олган юриш марафонида самарқандликлар вилоят драма театридан Регистон майдонигача бўлган масофани босиб ўтдилар. Регистон майдонида марафон иштирокчилари кўтаринки руҳда, мусиқа садолари остидаги оммавий жисмоний машқлар бажаришди.

Шифокор тавсия этади: юриш ёшартиради

- Мунтазам равишда ҳар куни пиёда юриш кишини тетиклаштиради, - дейди Самарқанд шаҳридаги 2-сон оилавий поликлиникаси бўлим мудири Шукрулло Бобоёров. - Ҳужайралар ёшариб, киши турли асаб зўриқишларидан, сиқилишлардан халос бўлади. Ҳар куни 6 километр масофани ўртача тезликда, бир маромда босиб ўтиш лозим. Кўпчилик ишимда тиним йўқ, шундоғам кўп ҳаракат қиламан, деб ўйлайди. Аммо тонг саҳар, тоза ҳавода, хиёбонда бир маромда юриш соғликка фойдали.

Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Мардон Мавлонов: Ҳар куни 5 километр пиёда юраман

- Шунингдек, 10 километрча масофани велосипедда босиб ўтаман. Бизнинг соҳада жисмонан тетик кўриниш катта аҳамиятга эга. Шунинг учун жисмоний машқларни канда қилмайман. Эътибор берсангиз, ушбу марафонда қатнашаётганларнинг барчаси байрамона кайфиятда. Бу ҳам спортнинг, ҳам тоза ҳаво ҳамда кўпчиликнинг таъсиридир.

Етти ёшдан олтмиш ёшгача

Ҳарҳолда марафонда етмиш ёшли кишини учратмадим. Шунинг учун машҳур иборани бошқачароқ ишлатишимга тўғри келди. Ҳа, оммавий юриш тадбирида Самарқанд шаҳридаги 42- мактаб ўқувчиси Севинч Ражабова ойиси билан “саёҳат ”га чиққанидан хурсандлигини билдирса, 60 ёшида ҳам Исаев номидаги паразитология илмий тадқиқот клиникасида фаррош сифатида ишлаётган Ўғилой Қосимова тетик эканига кўп ҳаракат қилиши сабабчи эканини айтди.

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ходими Ўткир Кулиев ҳар куни беш километрча масофани пиёда босиб ўтаман, деса, СамДУ талабаси Ислом Қўчқоров ҳар куни уч километр югуришини айтди.

Аммо иштирокчилар орасида бу тадбирда нега қатнашаётганидан бехабарлар ҳам бор эди.

Масофа таваккал танланмаган!

Дарвоқе, Регистон майдонига яқинлашишим билан телефонимдаги қанча пиёда юришим лозимлигини эслатиб турувчи қурилмадан хабар келди. «Сиз бугун пиёда юриш меъёрини аъло даражада уддаладингиз!» Ушбу хабар масофа шунчаки белгиланмаганини исботлаб берди. Қанча масофа юрганим, неча калория сарфлаганим экран юзида намоён бўлди.

Регистон майдонида оммавий машқлар, кайфиятга монанд  концерт дастури намойиш этилди.

Гулруҳ Мўминова.