Ўзбекистон халқ артисти Ражаб Адашев: «Фожиа ва кулги фалсафаси ҳамиша ёнма-ён»

Ўзбекистон халқ артисти Ражаб Адашев… Сиз ўзбек кино санъати классиги, бетакрор санъаткорни «Наштар» ҳажвий журнали, «Ой бориб, омон қайт!», «Буйруқ, ўт очилмасин!», «Абдуллажон», «Кичкина табиб» каби фильмлардаги роллари орқали яхши танийсиз.

Ражаб ака талқин қилган образлар ўзига ўхшайди. У образ яратмайди, балки қаҳрамонининг дунёсида яшайди. Шунинг учун ҳам фильмлардаги бадиий образлар томошабин наздида ҳаётий одамларга, кунда биз билан яшаётган, нафас олаётган, тез-тез учратиб турадиган қиёфаларга айланиб кетади. Унинг образларида табиийлик бор, самимийлик бор, соддалик бор. Шунинг учун ҳам биз унинг рол ўйнаётганини сезмаймиз. Мана шуни ҳақиқий истеъдод, ҳақиқий маҳорат, ҳақиқий профессионаллик деса бўлади.

Биз Ражаб Адашев билан ўзбек киноси, роллар ижроси, ижодкорнинг сиз билмаган жиҳатлари ва албатта, Ватан, туғилган жойи хотиралари ҳақида суҳбатлашдик.

- Ражаб ака, вақтингиз тиғиз бўлса-да суҳбатлашишга розилик билдирганингиз учун ташаккур. Бугунги мулоқотимизда асосан, сизнинг қадим ва ҳамиша навқирон Самарқанд билан боғлиқ хотираларингизга тўхталсак. Юртдошларимизга ҳам, шу заминда таваллуд топиб, умрининг кўп қисми Тошкенти азимда ўтаётган машҳур санъаткорнинг сўзлари қизиқ, албатта.

- Мен Ургут туманида таваллуд топганман. 1964 йилгача Ургут тумани ва Самарқанд шаҳарларида яшаганман. Ўша кезлари қадим ва навқирон бу шаҳарда истиқомат қиладиган қариндошларникида кўп меҳмон бўлардим. Самарқанд билан боғлиқ жуда кўп воқеалар бўлиб ўтган, анча-мунча саргузаштларни бошимдан кечирганман.

- Шаҳарга биринчи борган пайтларингизни эслай оласизми?

- Ёдимда. Илк марта Самарқанд туманида жойлашган касалхонага ё отам, ё поччам билан бориб, суяк туберкулёзи касаллиги туфайли даволанаётган Бегали акамни кўргани пою-пиёда, Регистондан «Сельский»гача яёв борганмиз.

Иккинчи марта онам билан борганман. Менинг хотирам кучли эканми – ўша касалхонани адашмай топиб борганмиз. Пиёда, албатта!

- Шаҳар Сизда қандай таассурот қолдирган?

- Мана шу боришларимизда шаҳарни йўл-йўлакай томоша қилганман. «Эсингда аниқ сақлаб қолган экансан, яша», деб онам хурсанд бўлиб мақтаганлар. Бошқа гал шаҳарни бемалол томоша қилганман. Мирзо Улуғбек мадрасаси минорасининг оғаётганини кўриб ҳайратланганман – у тросслар билан боғлаб қўйилган эди, шундан сўнг ичимдан ҳазин бир нидо чиққан.

У пайтлар Самарқандга катталар билан борардик. Улар менга Самарқанд ҳақида, Регистон майдони, Шоҳи Зинда мажмуаси, Афросиёб тепаликлари, Бибихоним мажмуаси, Амир Темур мақбараси ҳақида, умуман, шаҳар тарихи тўғрисида гапириб беришмаган. Чунки катталар ўз юмушларини бажариб бўлгач, яна Ургутга қайтар эдик.

Кейинроқ Регистон ёнида жойлашган мактабдаги ҳаваскор рассомлар тўгарагига қатнашганман, расм чизардим-да мен ҳам.

- Ўша сафарлар чоғида бирор қизиқарли, эсда қоладиган воқеалар ҳам бўлганми?

- Албатта, бўлган. Бир гал мен онам билан, 10-12 ёшларда эдим адашмасам, Самарқанд шаҳрида яшайдиган қариндошларимизникига меҳмонга борганмиз. Эшик яқинидан трамвай юрарди. Ана шу ерда кулгили, таъбир жоиз бўлса, аҳмоқона воқеа юз берган. Ўшанда мен трамвай йўлининг изига бўш консерва қутисини қўйиб, нима бўларкан, деб ёнма-ён пойлаб ўтирувдим. Бир маҳал кимдир юзимга тарсаки тортиб юборди. Кейин англасам, трамвай ёнимда тўхтаб, кондуктори тушиб мени четга ҳайдаган экан. Болалик-да, босиб кетадиям демабман, азбаройи қизиқишдан шу кўйга тушибман!

- Кўплаб фильмларда ҳарбийлар ролини ижро этгансиз? Ҳарбий хизматдаги пайтларингиз қандай ўтган?

- Ҳозир қанақа билмадим, у пайтларда армияга олиб кетиш ҳам Самарқандда ҳал бўларди. Икки-уч марта келиб комиссиядан ўтганмиз. Ўшанда мени армиядан қолдирадиган бўлишди. Сабаби, онамга қарайдиган бошқа одам йўқлиги экан. Мен болаларча қувониб, ура, дейман. Юрак ҳовучлайман, денг. Ҳозир ўша пайтдаги ҳаяжонларимни ифодалаб бера олмайман. Йўқ, тўғрисини айтганда, у вақтларда онам ёлғиз қоладими, деган ўй-хаёллардан узоқда эдим (тақдир ҳазилининг қарангки, мен «Ўзбекфильм» актёри бўлгач, қарийб 1972 йилгача, яъни уйлангунимча, онам барибир ёлғиз қолдилар. Бу пайтда онамдан опаларим, жиянларим хабар олиб туришди).

- Кино санъатига кириб келишингиз қандай кечган?

- 1964 йилда, «Ўзбекфильм» эълон қилган танловда қатнашиш учун Самарқанд шаҳрига келиб, расмга тушганман. Ургутдаям бир корейс фотографига Тошкентга жўнатаман, деб ундаям расмга тушганман. Тошкентга жўнаш Самарқанд вокзалидан бўлар эди. Тошкентга чипта олиб, поездга чиқиб, бўш жойга ўтирдим-да, қувончимни ичимга сиғдиролмай йўловчиларга гап отдим:

«Тошкентга соат нечада борар эканмиз?»

Кимдир: «Сиз Тошкентга борасизми?», деб сўради.

«Ҳа!», дедим.

«Бу Душанбе шаҳрига борадиган поезд, Тошкентники учинчи йўлда эди», деди. Поезд деразасидан ташқарига қарасам, тезлашяпти. Бирдан ўзимни эшикка урдим ва юриб кетаётган поезддан сакраб тушиб қолдим. Ўша пайтда юрагим бақувват, ёш, журъатли эканман-да. Яқин йилларда шу ҳолатни эсласам, расти, юрагим орқага тортиб кетади…

Самарқанд вокзали ... Яна бир ҳангома. Бу 1974-75 йилларда рўй берган. Енгилгина сумка билан Ургутдан келиб, поездга чипта олиб, то поезд келгунича залда ўтирай деб кирсам, ургутлик тоғамни учратиб қолдим. Гаплашдик. Кейин мен чиқиб, қайтиб келсам, тоға ўтирибдилар-у, сумкам йўқ. Ўғирлаб кетишибди. Ичида иккита уй нони, майда-чуйда-ю, Тошкентдаги ижара уйнинг калити бор эди. Тоғам сумкамга тирсак қўйиб пинакка кетган эканми, ўғрилар «шимо» қилишибди. Афсусдан не фойда?

Ана шунақа.

Актёрлик касбим орқали кейинроқ, Самарқанд тарихи билан юзлашдим, чуқурроқ ўргандим. Таассуротларим кўп серияли. Мен ана шундай жаҳон сайқали бўлмиш Самарқандда туғилиб, улғайганимдан бахтлиман.

Азизлар! Самарқандни эҳтиёт қилингиз, бу замин – муқаддас юрт! Кўз тегмасин!

 

Қисқа саволларга қисқа жавоблар

- Ургутнинг қайси маҳалласида таваллуд топгансиз?

- Қамардон маҳалласида.

- Аждодларингиз орасида санъаткорлар бўлганми?

- Отам Адаш полвон масхарабоз бўлган.

- Турмуш ўртоғингиз қайси соҳа вакили?

- Ўқитувчи.

- Неча нафар фарзандингиз, набираларингиз бор?

- 2 нафар қизим, 2 нафар ўғлим, 10 нафар набирам, 1 эварам бор.

- Фарзандларингиз, набираларингиз орасида ҳам санъат йўлини тутганлари борми?

- Катта неварам опера солисти, укаси мусиқа лицейида ўқийди.

- Кино санъатида қайси санъаткорларни ўзингизга устоз деб биласиз?

- Ким менга насиҳат қилган бўлса, маслаҳатлар бериб, йўл-йўриқлар кўрсатган бўлса, ўшаларни устозларим деб биламан.

- Санъатда кимлардан, нималарни ўрганганман, деб ўйлайсиз?

- Артистлар, режиссёрлардан ўрганаман.

- Нечта фильмда рол ўйнагансиз?

- 100 дан ошиқ кинода.

- Санъатдан ташқари яна бирор севимли машғулотингиз борми?

- Бошқа ҳунарим йўқ.

- Интернетда сиз ҳақингизда русчада кўпроқ, ўзбек тилида жуда кам маълумот борлигига гувоҳ бўлдик. Бунинг сабаби нимада?

- Билмадим… Ҳарҳолда газета-журналларда кўп ёзилган.

- Характерингиз, дунёқарашингиз, ижодий тамойил ва фалсафангиз нималардан иборат?

- Тақдиримга битилгани шу: ўзим ҳузур-ҳаловотга муҳтож бўлсам-да, ўзгаларга хурсандчилик ато этишим зарур. Шу менинг ҳаётий шиорим.

- Сиз яратган образларда кўпинча, фожиавийлик ва кулгилилик ҳодисаларининг қоришиб кетганига гувоҳ бўламиз. Бу натижага қандай эришасиз?

- Фожиа-комедия ҳамиша ёнма-ён-ку!?

- Охирги бор қайси кинофильмларда рол ижро этдингиз?

- 2019 йил давомида «Танҳо қайиқ» ва «Етмиш яшар бола » бадиий фильмларида бош ролларни ижро этдим.

- Ёш актёрлардан кимларнинг ижоди Сизга маъқул бўляпти?

- Истеъдодли ёшлар кўп. Лекин улар ҳали кўп ўқишлари, ўрганишлари, ўз устида ишлашлари керак.

Суҳбатдош: фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори Лазизжон БАХРАНОВ.