Ўзбекистонда 5G тармоқларини қуриш таклиф этилибди: Бу шунчаки кулгили ҳолат эмасми?

Қизиқ, жудаям қизиқ! АКТ вазирлиги Ўзбекистонда 5G тармоқларини қуриш бўйича таклифлар сўрабди.

АКТ Вазирлиги Ўзбекистондаги операторлар, провайдерлар ва телекоммуникация ускуналари таъминотчиларидан 5G тармоқларини қуриш бўйича таклифлар тақдим этишларини сўраб мурожаат қилибди. Бу ҳақда матбуот хизмати хабар бераяпти.

Бу хабарни ўқиб кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмаяпман.

Кўча тилида ёза қолай-а? Айнан ҳозир мобиль алоқа ва интернет хизмати масаласида биз бир тарафи йиртиқ ва яна бир тарафига ямоқ солинган либосимиз билан ибтидоий даврларда юрибмиз. Мамлакатимизнинг исталган ҳудудидаги аҳоли пунктига бориб кўринг, инсоф қилишган бўлса ўша аҳоли пунктида ўрнатилган антенналарда 3G бор. Агар инсоф қилишмаган бўлишса ўша аҳоли пункти 2G да юрибди.

Энди сиз ўша аҳоли пунктидан хоҳлаган томонингизга чиқинг, албатта хоҳлаган томонингизга чиқа олмайсиз, йўл бўйлаб чиқасиз. Чиққанингиз заҳоти на 2G на 3G ва на алоқа учун антеннанинг ўзи қолмайди. Энди, шу аҳволда 5G ни булар қаерга ўрнатишади?  Албатта авваламбор пойтахтимиз Тошкентжонга, сўнгра вилоят марказлари бўлмиш йирик шаҳарларга ўрнатишади. Сиз эса буёқда ҳар доимгидай "бир келиб кетинг, қишлоғимизга" деб хониш қилиб, йўғее, йиғлаб қолаверасиз.

Айтишингиз мумкин, "қишлоқларда аҳоли сийрак яшайди, шунинг учун ҳадеб антенна қураверса, унга 3G ўрнатаверса харажат ошиб кетади", деб. Аммо шундай бўлса ҳеч бўлмаса аҳоли тиқилинч яшайдиган ҳудудлардаги интернет ва алоқа сифатини яхшилаб беришсин.

Ёки йўлларчи. Йўлларда аҳоли яшайдими, яшамайдими фарқи йўқ, сифатли интернет ва алоқа хизмати бўлиши шарт. Нафақат сайёҳлар учун, ўзбекистонликлар учун ҳам. Аммо, аксарият катта йўлларда интернет ва алоқа хизмати ёмон эмас, жуда ёмон.

Охирги бир ойни ичида Бухорога бордим, Ғузорга бордим. Йўлларда интернет ва алоқа хизмати жуда ёмон. Энди шу ҳолда 5G ҳақида гапиришга ҳали бироз эртада.

Олдин аксарият жойларда алоқа сифатини яхшилайлик. Сўнг уларга камида 3G алоқа хизматини жорий қилиб интернет сифатини яхшилайлик. Ана ундан кейин билганларингни қилинглар. Ҳозирги ҳолатда эса 5G дан гапириш шунчаки кулгули, шунчаки шармандали ҳолат.

Ғайрат Йўлдош.