Ўзбекистонда ҳарорат кескин пасайиши кутилмоқда, айрим жойларда чангли бўрон бўлади
Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази хабарига кўра, жорий йилнинг 16 ноябрь куни Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 17-18 ноябрь кунлари республиканинг барча ҳудудига Волгабўйи орқали Россиянинг Европа ҳудуди (Москва вилояти) устида шаклланган нам ва совуқ ҳаво массаси кириб келади.
16-17 ноябрда республика бўйича шамол тезлиги 17-22 м/с.гача кучайиши кутилмоқда. Баъзида шамол 25-28 м/с.гача кучайиши мумкин, айрим жойларда чангли бўрон бўлади.
16 ноябрда Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида, 17 ноябрда Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир қорга айланади) бўлади. 17-18 ноябрда тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) баъзи жойларда кучли бўлади.
Ҳарорат кескин пасайиши кутилмоқда. 16-17 ноябрда шимолда, 17-18 ноябрда Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ҳарорат кечаси -5-7 даража совуқгача, кундуз кунлари 0-3 даража илиқ, шимолда кечаси -12-15 даража, кундузи 0-3 даража совуқгача пасаяди.