Ўзбекистонда Президентлик сайловини ташкил этишнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари

Халқимизнинг тарихий ютуғи – бу мустақиллик ҳисобланади. Мустақиллик туфайли миллий давлатчилигимизга асос солинди, мустақҳкам ҳуқуқий тизим барпо этилди, давлат олий ҳокимият органлари ташкил этилди. Президент давлат бошлиғи ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайдиган энг олий мансабдор шахс сифатида конституциявий мақомга эга бўлди.

Президентлик институтининг вужудга келиши халқимизнинг асрий орзу умидларини рўёбга чиқариш, борлиқнинг буюк неъмати ҳисобланган инсонни улуғлаш, унга тегишли барча ҳуқуқ ва эркинликларни амалда таъминлаш,  Ўзбекистонннинг ҳар бир фуқаросини давлат ва жамият бошқарувида иштирокини таъминлаш ҳамда кафолатлаш бевосита мамлакат Президентига боғлиқ бўлди. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Конституцияга ва қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар ва фармойишлар чиқариш ваколатига эга бўлган мансабдор шахс сифатида давлат тепасида турадиган бўлди.

Мамлакатда олий мақомга эга бўлган шахс - Президент сайловини ташкил этиш билан боғлиқ янги, халқаро стандартларга мос бўлган, тарихий қадриятлар ва аждодларимиз давлатчилиги тажрибасини акс эттирган мустаҳкам қонунчилик базасининг шакллантирилиши давлат ҳокимияти тизимида Президентлик институтининг мустаҳкам ўрнини белгилаб берди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун Президент сайловининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берган, ҳатто Конституциямиздан ҳам аввал амалга киритилган дастлабки ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Қонунда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширишлари, номзодга алоҳида талаблар қўйилагани, яъни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши ва бошқа шу каби нормалар давлат бошлиғининг лавозимга келишига оид тамомила янги қоидалар бўлиб, улар кейинчалик сиёсий тизимга алоқадор қонунчиликнинг вужудга келишини таъминлади.

Шу боис ҳам Президентлик сайловига оид қонунчилик ва сайлов натижасида тўпланган тажриба, халқаро нормалар билан уйғунлаштирилган ҳолда 1992 йилда қабул қилинган Конституциямизда ўз аксини топди. Конституцияда Президентнинг мақоми, унга берилган ваколат ва мажбуриятлар ҳамда унинг унинг давлат ҳокимияти тизимида тутган ўрни алоҳида белгилаб берилди. Ўтган йиллар давомида Президент давлат бошлиғи сифатида ўзига юклатилган барча вазифа ва мажбуриятларни тўла адо этиши оқибатида мустаҳкам давлат ҳокимиятининг шаклланиши ҳамда давлатимизнинг дунёда муносиб ўрин эгаллашига эришилди. Ўзбекистон ва унинг халқи Президенти орқали ҳурмат топди, халқаро майдонда обрўга эга бўлди.

Қонунда ва кейинчалик Конституцияда фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари сифатида сайловда иштирок этиши билан боғлиқ янги қоидалар амалда тадбиқ этила бошланди. Хусусан, 1991 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Ўзбекистон Республикаси фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширишлари белгилаб қўйилган бўлса, 1994 йил 5 майда кучга киритилган Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунида фуқаролар ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб берилди.

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмаслиги, сайловчилар қаерда бўлишларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида бевосита қатнашиш ҳуқуқи кафолатланиши, сайловчилар ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдириш ва яширин овоз бериш ҳуқуқига эга эканлиги, участка сайлов комиссиялари овоз беришни махсус ажратилган биноларда ташкил этиб, фуқароларга хоҳиш-иродани эркин ва яширин равишда билдириш имкониятини яратиб беришлари, сайлов куни ўз турар жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар олдинроқ овоз бериш ҳуқуқига эга эканлиги, сайловчиларнинг хоҳиш-ирода билдиришларини назорат этишга йўл қўйилмаслиги, сайловчилар сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар ва айрим номзодларнинг келгуси фаолият дастури билан танишиш ҳуқуқига эга эканлиги каби қатор ҳуқуқларнинг мустаҳкамланиши олий демократик қадрият сифатида қонунчилика эътироф этилди.

Кейинчалик Конституциянинг 117-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эканлиги, ҳар бир сайловчида бир овоз ҳуқуқи борлиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши, сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилишиш, ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга деб белгилаб қўйилгани сиёсий ҳуқуқларнинг энг Асосий қонун даражасида мустаҳкамланди. Бу ўз навбатида халқнинг давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи эканлигидан далолат беради.

Сайловларда куч ишлатиш, алдаш, қўрқитиш орқали ёки бошқа йўллар билан фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш, сайловолди агитациясини олиб боришдан иборат ҳуқуқларидан фойдаланишларига тўсқинлик қилиш, шунингдек ҳужжатларни сохталаштириш, овозларни атайин нотўғри санаш, Президент сайлови ҳақидаги, ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайлов тўғрисидаги қонунларни бузиш жавобгарликка сабаб бўлиши кафолат сифатида белгилаб қўйилди.

Мамлакатни модернизация қилишдан кўзланган мақсад - конституциявий ислоҳотларнинг амалга ошириш, аввало, Конституцияга муҳим ўзгартиш ва тўлдиришлар киритиш орқали давлат олий ҳокимият органлари тизимида Президентнинг ўрнини янада яққолроқ кўрсатиш, муқаддам унга тегишли бўлган айрим ваколатларни бошқа ҳокимият органларига ўтказиб бориш, давлат ҳокимияти органлари ўртасида бир-бирини тийиб туриш ва улар ўртасида мувозанатни таъминлаш каби муҳим принципларни амалда таъминлашга қаратилмоқда.

Хусусан, 2014 йил апрелда Конституцияга киритилган ўзгартиришлар мамлакатимизда барча сайловларни, жумладан, Президент сайловини Конституциявий асосларда ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлган орган - Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мақомини такомиллаштиришга қаратилгани билан ажралиб туради.  Яъни, Марказий сайлов комиссияси конституциявий органга айлантирилди. Конституциянинг 117 - моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликка асосланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг сайлов тўғрисидаги ҳамда референдум тўғрисидаги қонунларига ва бошқа қонунларга амал қилади.

Президент сайловчининг очиқ, ошкора, демократик асосларда ташкил этилиши ва ўтказилиши, Президентликка номзодларга тенг ҳуқуқларнинг берилиши, сайлов тарғиботи ва ташвиқотининг ўтказилишида қонунийлик ва очиқликни таъминлаш сайловчилар томонидан муносиб номзодни танлаб олиш имконини беради. Президент сайловининг Конституция ва қонунлар асосида тўғри ташкил этиш келажагимиз кафолати ҳисобланади.

Мустақиллик янгича фикрлайдиган, ўз қарорини мустақил қабул қиладиган, ҳуқуқий ва сиёсий маданияти юқори бўлган янги авлод сайловчилар жамиятини шакллантирди. Бугунги сайловчи ўз тақдирини, келажагини, фаровон ҳаёт ва муносиб турмуш тарзини, тинчлик ва барқарорликнинг кафолатини бера оладиган номзодни қандай танлашини яхши билади. Бунинг учун эса мамлакатимизда етарли ҳуқуқий асослар мавжуд.

Гулнора ХУДАЙБЕРДИЕВА,

ТДЮУ ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.