Ўзбекистонда шу ҳафтада ёмғир ёғиши кутилмоқда
25 августда республикада об-ҳаво шароитларининг ўзгариши кутилмоқда, эрталаб республиканинг шимоли-ғарбий туманларига, кечга бориб марказий туманларига Волгабўйи ҳудудидан салқин ва нам ҳаво оқими киради.
«Ўзгидромет» хабарига кўра, Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида кун давомида, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё вилоятларида эса кечга бориб қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кечаси 20-25 даража атрофида бўлади, кундузи пасайиб 28-33 даражани ташкил қилади, бу меъёрий кўрсаткичлардан бироз пастдир.
26 август куни республика ҳудудига кирган салқин атмосфера фронти жануби-шарқ томонга силжийди, мамлакат ҳудудининг катта қисмида момақалдироқли ёмғир ёғиши мумкин. Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида эса ёғингарчилик тўхтайди. Антициклон таъсирида 26 август энг салқин кун бўлиши кутилмоқда, ҳарорат кечаси 15-18 даража, кундузи 23-26 даражани ташкил қилади. Бундай ҳарорат меъёрдан 6-9 даражага пастдир.
Ҳафтанинг сешанба ва чоршанба кунлари республика бўйича шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин.
Пайшанба ва жума кунлари мамлакатда об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади. Антициклон таъсирида тунги салқин ҳарорат сақланиб туради ва 15-20 даража атрофида бўлади, кундузи эса ҳаво аста-секин исишни бошлайди ва 28 августда 30-35 даражагача кўтарилиб, ойнинг шу даври учун хос бўлган меъёрий қийматларга яқинлашади.