Ўзбекистонлик акробатлар 10 метр баландликдан йиқилиб тушди

Нидерландияда ўзбекистонлик артистлар томоша пайтида баландликдан тушиб кетди. Кўплаб ОАВларда берилган ушбу хабарни ТИВ тасдиқлади.

Мамлакатимизнинг Бенилюкс давлатларидаги Элчихонаси 2020 йил 3 январь куни Амстердам шаҳрида (Нидерландия) ўтказилаётган Бутунжаҳон рождество цирки шоусида ўз чиқиши билан қатнашаётган “Само фаришталари” дуэти акробатлари, Ўзбекистон фуқаролари Кристина Воробева ва Рустем Османовнинг томоша вақтида 10 метр баландликдан қулаб тушгани тўғрисидаги ОАВнинг маълумотларини тасдиқлади.

Артистлар оғир аҳволда шифохонага олиб келинган. Элчихона шу куннинг ўзида жабрланган ҳамюртларимизга керакли ёрдамни кўрсатиш учун Нидерландиянинг расмий органлари ва полицияси билан боғланди ҳамда улар билан мулоқотда бўлиб турибди.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Бенилюкс давлатлари (Белгия, Нидерландия, Люксембург) ҳамда Дания ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатимизнинг Бруссел шаҳридаги Элчихонасига + 02 661 20 42 (44, 46, 47, 49) ёки + 32 488 41 48 06 телефон рақамлари, consulat@uzbekista.be электрон почтаси орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатади.