Ўзбекистонлик талаба Волга дарёсида чўкаётган америкаликларни қутқарди (видео)
Ўзбекистонлик талаба Волга дарёсида чўкаётган икки нафар америкаликни қутқариб қолди. Шундан сўнг ҳамма уни қаҳрамон деб чақиради, у бўлса уялиб кулиб қўяди холос, деб ёзмоқда Sputnik.
Ўзбекистонлик 22 ёшли талаба Жасурбек Ражабов Волгоград Аграр университетида қутқарувчи мутахассислиги бўйича таҳсил олмоқда.
- Воқеа ўтган йил амалиёт вақтида содир бўлганди. Кураторимиз бизларнинг ҳар биримизга қирғоқ бўйидан ҳудуд ажратиб бериб, навбатчилик қилишни тайинлади. Мен ўзимга ажаратилган жойда эдим. Бироз ўтиб, “ёрдам беринглар” деган чақириқни эшитдим, - деб ҳикоя қилади Жасурбек. - Дарҳол улар томон суза бошладим. Чўкаётганлар ота ва бола эди. Бола 7 ёшлар чамаси, сузишни умуман билмас экан, отаси ҳам сувда зўрға ўзини ушлаб турганди. Улар қирғоқдан узоқлашиб сув ости чуқурлигига дуч келишган.
"Мен дастлаб болани сувдан олиб чиқдим. Чиқиш вақти бола бошимга маҳкам ёпишиб олди. Мен унга “бундай қилма, мени қўйиб юборсанг, қирғоққача сузиб ета оламан дедим”. Кейин отасига ҳам сувдан чиқишга ёрдам бердим.
Кейин маълум бўлишича, ота-болалар американинг Филадельфия штатидан келган меҳмонлар экан. Жасурбек ҳеч кимга ҳеч нарса айтмаса-да, гуруҳдошлари уни телевизорда кўриб, “қаҳрамон” деб атай бошлаган. Жасурбекка “Сувда чўкаётганларни қутқаргани учун” медали тақдим этилган.
ОАВ ва одамларнинг ортиқча диққат эътиборидан Жасурбекнинг ўзини ноқулай ҳис қилаётгани сезилиб туради. Бунинг сабаби бир оздан кейин маълум бўлди:
- Ҳақиқий эракак киши ботирлиги учун ўзини мақтамайди. Буни менга болалигимдан отам ўргатган, - дейди Жасурбек.
Жасурбек Волгоградга келганига 3 йил бўлган. Бу ерда дўстлари кўп бўлса-да, ҳалигача ўзини меҳмон деб атайди.
Ўзбекистонлик талабанинг айтишига қараганда, Ўзбекистонда, у туғилиб ўсган шаҳарда ҳамма бир-бирига ёрдам беришга тайёр, унинг ўрнида бошқа одам бўлганда ҳам шундай йўл тутган бўларди.