Ўзбекистоннинг Лувр кўргазмасига бағишланган илмий каталог чоп этилди

Париж шаҳрининг Лувр музейидаги кенг миқёсли “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” номли кўргазма доирасида “El Viso Ediciones” нашриёт уйи билан ҳамкорликда Рокко Ранте ва Янник Линтз умумий муҳаррирлиги ҳамда Моник Бурези кўмагида суратларга бой француз ва ўзбек тилларида каталог чоп этилди.

Каталогга 37 нафар таниқли маҳаллий ва хорижий олимларнинг қадимий маданий археологик ёдгорликлари, маданий қадриятлар ҳамда милоддан аввалги III асрдан Темурийлар давригача бўлган тарихга тааллуқли 60 дан ортиқ илмий мақолалари киритилди. Мақолаларда замонавий Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган тамаддунлар ҳаётида тижорий ва маданий алмашинувларнинг аҳамияти ва тутган ўрнига оид тафсилотлар очиб берилган.
Ўзбек тилидаги матнлар устида мамлакатимизнинг фан, маданият, санъат, археология, тарих ва тилшунослик соҳаси вакиллари – М.Aбдуллаев, Б.Aбдуҳалимов, A.Бозорбоев, Ж.Илёсов, Ш.Миноваров, Ж.Остонов, Ш.Пидаев, Е.Ртвеладзе, Х.Файзиев ва бошқалар меҳнат қилди.