O‘zLiDePнинг XI съездига Самарқанддан делегатлар сайланди
Жорий йил 9 июль куни мамлакатимизда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Ушбу муҳим сиёсий тадбирга O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши ҳам қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Бугун бўлиб ўтган O‘zLiDeP Самарқанд вилоят ҳудудий партия ташкилотининг навбатдаги конференциясида айнан сайлов жараёни билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Ҳозирда вилоятда 119 минг 340 нафардан зиёд партия аъзоларини ўзида жамлаган 1368 та партия бошланғич ташкилоти мавжуд. Бошланғич ташкилотлари ҳамда қуйи кенгашлардаги партия фаоллари билан биргаликда бўлажак сайловга тайёргарлик билан боғлиқ тадбирларга киришилди. Бу борада жойларда партия кенгашларида сайловолди штаблари тузилиб, улар фаолиятининг ташкилий техник масалалари ҳал этилди. Вилоят партия ташкилотида жамоатчилик қабулхонаси иш бошлади.
Сиёсий жараёнларга пухта тайёргарлик кўриш, партия ғояларини кенг аҳоли орасида тарғиб қилиш, фаоллар сонини янада кўпайтириш, сайловга оид барча тарғибот-ташвиқот тадбирларини самарали ташкил этиш борасидаги галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Конференцияда O‘zLiDeP Самарқанд вилоят партия ташкилотидан партиянинг XI съездига делегатлар сайлаш масаласи кўриб чиқилди ва кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Насиба Мўминова.