Озон қатламининг емирилишига инсон цивилизацияси сабабчи
XXI асрга келиб Ер юзининг ҳали у ерида, ҳали бу ерида тўфонлар, зилзилалар, тошқинлар юз бера бошлади. Оқибатда 1985 йилдан бошлаб ҳаётимизга “озон туйнуги”, “озон қатлами”, “озон - бу ҳаёт”, деган тушунчалар кириб келди. Инсон цивилизацияси айнан озон қатламининг емирилишига олиб келаётгани, тараққиёт тобора ҳалокат ёқасига яқинлашаётганини тан олишга мажбур бўляпмиз.
БМТ тарқатган маълумотларга қараганда, 2050 йилга бориб, Ер юзи аҳолиси 9 миллиард кишига етади. Одамзот ейди, ичади, орзу қилади, яхши шароитларни хоҳлайди. Истеъмол талаблари тобора ортиб бораверади. Саноат, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда самарадорликни, ҳосилдорликни, чорвачиликда маҳсулдорликни ошириш талаб этилади.
Худди шу жараёнларда озон емирувчи моддаларни камайтиришга, бу жараённи қатъий назоратга олишга эришсаккина, ҳалокатларни тўхтатиб қолиш мумкин.
Самарқанд ветеринария медицинаси институтида ташкил этилган илмий семинарда худди шу масалалар муҳокама этилди.
Анжуман “Атмосфера мусаффолигини келажак учун сақлаб қолайлик!” деб номланиб, бу борада вилоятда, республикамизда, қолаверса, бутун дунёда олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Маълумотларга кўра, Самарқанд шаҳридаги “Сино” заводида озон емирувчи моддаларнинг теварак-атрофга тарқалишини қатъий назоратга олиш ва камайтириш мақсадида 1,5 миллион доллар инвестиция киритилган.
Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.