Партиялар ва депутатларнинг сайловолди дастурларидан ёшлар хабардорми?

Юртимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга оз муддат қолди. Тарих зарварақларига алоҳида муҳрланадиган бу жараёнлар илгари қайд этилмаган мутлақо янги талаблар - Сайлов кодекси асосида ўтказилиши режалаштирилган ва сайловолди жараёнларида ҳам бу мезонларга қатъий амал қилинмоқда.

Мамлакатимизда эълон қилинган “20 октябрдан 20 ноябргача сайлов тарғиботи ойлиги” доирасида Самарқанд шаҳар адлия бўлими билан ҳамкорликда Самарқанд ветеринария медицинаси институтида “Мен сайловда фаол иштирок этаман!” мавзусидаги ҳуқуқий-тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Унда шаҳар адлия бўлими бошлиғи Б.Жумабоев томонидан институт педагогик жамоаси ва талабаларига сайлов қонунчилиги, янги кодекс асосида сайловларга тайёргарлик жараёни, Марказий сайлов комиссияси билан боғлиқ муҳим жиҳатлар ҳақида тушунча ва маълумотлар берилди.

Бу йилги сайловлар “Янги Ўзбекистон - янги сайловлар” шиори билан янги тамойиллар асосида ўтказилади. Сайлов кодексининг қабул қилиниши, мамлакатимизда яна бир сиёсий партия (Экологик партия)нинг пайдо бўлиши ва бошқа омиллар бўлажак сайловнинг сифат жиҳатидан янги кўринишда – очиқлик, ошкоралик тамойиллари, кучли партиялараро рақобат, ғоялар ва дастурлар кураши остида кечишидан далолат беради.

Тадбирда сайлов жараёнларда ёшлар ва зиёлиларнинг иштироки қандай бўлиши лозимлиги, партиялар ва депутатларнинг сайловолди дастурларидан хабардорлиги каби масалалар юзасидан ёшларнинг сиёсий билимлари оширилди.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.