Паст Дарғомда маданият соҳасидаги муаммолар қачон ҳал этилади?
Ёхуд туманда ижтимоий соҳага оид маълумотлар махфийми?
Вилоятдаги 80 та маданият марказидан 62 таси ўз биносига эга бўлса, 18 тасида бино йўқ, ҳудудлардаги аксарият маданият марказлари таъмирталаб, моддий техник базалари яхши эмас, соҳада кадрлар билан боғлиқ муаммолар бор.
Паст Дарғом тумани маданият бўлими фаолияти билан танишиб, бунга амин бўлдик.
- Маданият бўлими тасарруфида 3 та мусиқа ва санъат мактаби, 8 та маданият маркази фаолият юритади, - дейди туман маданият бўлими бадиий раҳбари Эшмурод Абрўев. – Уларда 30 га яқин тўгарак, ансамбль ва мусиқий гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ёшларимиз вилоят ва республика танловларида фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Шу билан бирга, ходимларимиз ҳам туманда ташкил этилаётган маданий-маърифий ва бошқа тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Тизимда ютуқлар билан бирга ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор. Жумладан, тумандаги барча маданият марказларида иситиш тизими ишламайди. Чунки иситиш қозонлари газ билан иситишга мўлжалланган, лекин газ йўқ. Кўмир берилган, бироқ иситиш учун қозонларни ҳам шунга мослаб таъмирлаш керак.
Тумандаги Наврўз маҳалласида жойлашган 60-маданият маркази авария ҳолатида, маданият марказларида театр томошалари ва спектакллар қўйиш учун хореография заллари, тўгарак хоналари ва медиа аппаратлар етишмайди. Ходимларнинг маоши кам, олий маълумотли кадрларга эҳтиёж бор, ташкилотлар ва маҳаллалардаги тадбирларни ўтказиш учун маданият бўлими ҳамда маданият марказлари билан шартнома қилинмаган.
Дарвоқе, мазкур туманга сафаримиз давомида туман ҳокимлигидан ижтимоий соҳа объектларига тааллуқли маълумотларни ололмадик ва бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берадиган масъул ҳам топилмади. Ушбу ҳолатга ва юқорида қайд этилган муаммолар ечими юзасидан туман ҳокимлиги қандай изоҳ бераркан?..
Ф.Рўзибоев