Пастдарғомлик сайловчиларга онлайн ўқиш имконияти яратилди
Кундалик ҳаётимизда ахборот технологияларининг ўрни, аҳамияти кун сайин ортиб бормоқда. Айниқса, пандемия туфайли интернетдан фойдаланишга туманлар ва қишлоқларда ҳам катта эҳтиёж пайдо бўлди. Бироқ жойларда бундай хизматнинг йўқлиги ёки сифати пастлиги сайловчиларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Ана шундай эътирозлардан бири Паст Дарғом тумани Мирзо Улуғбек маҳалласидаги аҳолидан келиб тушди. Унда маҳалладаги сайловчилар Самарқанд шоҳ кўчаси ва Истиқлол кўчасида интернет хизматларининг йўлга қўйилишида амалий ёрдам сўрашди.
“Адолат” партиясидан сайланган депутат сифатида вазиятга жим қараб туролмадим. Мутахассислар билан ҳисоблаб кўрдик, кўча бошигача 700 метр оптик толали кабель тортиш зарур экан. Хонадонларга интернет тармоғини тортиш учун яна 3 километр кабель талаб этилар экан.
Бу борада соҳанинг вилоятдаги мутасаддиларига депутат сўрови уюштирдим. Орадан кўп ўтмай жавоб келди. Маълум қилинишича, магистрал кабель масаласи муаммо экан. Шу боис, бир муддат кутишимиз сўралган эди.
Рости, қараб турмадик, ҳомийларни жалб қилиб, магистрал тармоқдан 700 метр оптик толали кабель тортиб келинди. “Ўзбектелеком” АКнинг вилоят мутасаддилари, хусусан, вилоятга бириктирилган вакил Зуфар Дилманов ҳамда Паст Дарғом тумани филиали бошлиғи Т.Якубовга раҳмат.
Чунки сайловчиларим мурожаат қилган иккита кўчага 3 километр кабель тортиб беришди. Бундан ташқари, 24 роутор ва бошқа зарур жиҳозлар ўрнатишди. Бугун Мирзо Улуғбек маҳалласининг Самарқанд шоҳ кўчаси ва Истиқлол кўчасида яшовчи аҳоли интернет хизматларидан фойдаланишлари учун имконият яратилди.
Феруз ТУРАЕВ,
Халқ депутатлари Паст Дарғом тумани Кенгаши депутати.