Пахтачида аёл киши билан тил бириктириб, танишидан 15 миллион талаб қилиб келган товламачи қўлга олинди
Самарқанд вилояти, Пахтачи туманида видеотасвирни тақдим қилмаслик учун 15.000.000 сум талаб қилиб келган фуқаро қўлга олинди, деб хабар берди ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.
Маълум бўлишича, 34 ёшли Б.Х. таниши, 30 ёшли О.А.нинг моддий томондан яхши таъминланганлигидан фойдаланиб жорий йилнинг 22 февраль куни йўл-транспорт ходисасини содир қилганлигидан фойдаланиб, ундан товламачилик йўли билан моддий қимматликлар олиш режасини тузади.
Шу мақсадда фуқаро 38 ёшли К.А. (аёл) билан олдиндан жиноий тил бириктириб, К.А.ни йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган марҳумнинг онаси сифатида таништириб, бўлиши кутилаётган суд мажлиси жараёнида қамоққа олинишини сўраб даъво қилишини, қамоққа олиш учун етарли далиллари, жумладан, содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси жараёни ёзилган видео тасвир мавжудлигини, ушбу видео тасвирни тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, жорий йилнинг 7 апрель куни фуқаро О.А.дан 15.000.000 сўм пулларни олаётган вақтида туман ИИБ ходимлари томонидан Б.Х. ва К.А.лар ушланиб, ашёвий далиллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пахтачи тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” банди (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
К.А. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган Б.Х.га эса тегишли модда билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.