Пахтачида таркибида олтин моддаси бўлган руда тошларини яширинча қазиб олаётган шахслар ушланди

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда ИИБ ходимлари ҳамкорликда Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли “Қора-қўтон” олтин қазиб олиш кони атрофида таркибида олтин моддаси бўлган руда тошларини ноқонуний қазиб олиш ва сотиш билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди.

Ўтказилган тадбирда Пахтачи туманида яшовчи жиноий гуруҳнинг 23-40 ёшлардаги 8 нафар аъзоси ушланди. Улар томонидан фойдаланиб келинган (1 дона драбелка, 1 дона тегирмон, 1 дона газ баллон, 40 метр электр кабели, 700 кг руда тошлари ва 400 кг олтин аралашмали тупроқ) далилий ашё сифатида олинди.

Ушбу жиноий гуруҳ аъзолари таркибида олтин  моддаси бўлган руда тошларини қайта ишлаш мобайнида ноқонуний равишда электр энергиясидан фойдаланиб келаётганлиги аниқланиб, электр энергияси корхоналарига 275 млн. сўм миқдорида зарар етказилгани маълум бўлди.

Ҳозирда, жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатиш режалаштирилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.