Швециядаги викинглар қабридан Самарқанд тангалари топилди

Швециялик археологлар Стокгольм шимолидаги Мольнбю ҳудудида жойлашган тепаликдан викинглар даврига оид Марказий Осиё тангалари хазинаси топилганини тасдиқлади.

Олимлар топган бу далиллар викинглар давридаги скандинавияликлар ва Марказий Осиё ўртасидаги яқин алоқалар мавжудлигига оид далилларнинг биринчиси эмас.

Топилган хазина 163 тангадан иборат, улар кумушдан ясалган. Аксарияти ўрта асрлар жаҳон маданияти чорраҳаси ва ривожланишида катта ҳисса қўшган шаҳар — Самарқандда зарб қилинган. Бу тангалар Х асрнинг ўрталарига (милодий 935-936 йиллар) тегишли бўлиб, Швеция бронза даври тарихий тепаликларида топилган. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки Викинглар даврида бу ёдгорликлар кўпинча қурбонликлар жойи сифатида хизмат қилган.

Тангаларнинг 50 таси бутун, қолганлари эса қуйма кумуш сифатида ишлатиш учун эзиб майдаланган. Баъзилари безак ясаб кийиш учун ип ўтказиш тешиклари ёки илмоқлар билан ўзгартирилган. Тангалар зарб қилинган жойда белгиланган пул қийматига эга бўлган, бироқ у пайтда Скандинавияда пул тизими бўлмагани сабабли тангалар оғир металл ёки заргарлик буюмлари сифатида баҳоланган. Швецияда ҳозирги кунга қадар 70 000 га яқин Марказий Осиё ва Яқин Шарқ билан боғлиқ тангалар топилган.

Бу бир вақтлар Викинглар дунёси ва Шарқ ўртасида мавжуд бўлган кенг қамровли савдо йўлларини акс эттиради. Ўша даврларда эътибор асосан Волга дарёсига қаратилган бўлиб, жанубга мўйна, тери ва қуллар “экспорт” қилинган, шимолга эса кумуш тангалар ва экзотик маҳсулотлар қайтган. Археологлар викинглар “инсон ҳаёти давомида кўмилган бойлик унга кейинги ҳаётда фойда келтиради” деб ишонган, деб айтилса-да, хазиналар нега кўмилганлиги бўйича бошқа тахминлар ҳам ўрганилмоқда.