Ким кўпроқ олтин қазиб олади? Инсоният ва топ 10 мамлакат кўрсаткичлари
Инсониятнинг бутун тарихи давомида тахминан 200 минг тоннадан олтин қазиб олинган. Ана шу кўрсаткичнинг ярмидан кўпи сўнгги 70 йилга тўғри келади (62 фоиз). Қазиб олинган олтиннинг 17 фоизи дунё мамлакатлари халқаро захираларида сақланади. 2020 йилда дунёда 3478,1 тонна олтин қазиб олингани айтилади.
Ҳозирда дунё давлатларининг сақланадиган олтин захиралари 34 мингдан ортиқни ташкил этади. Бугунги кунда олтин қазиб олиш рейтингги ҳам ўзгариб бормоқда. Эътиборингизга турли манбалар асосида 2020 йилги рейтингни ҳавола этамиз.
1-ўрин: Хитой
Кўп йиллар давомида Хитой олтин қазиб олиш бўйича давлатлар ўртасида етакчи ҳисобланиб келмоқда. Унинг ҳиссасига жаҳон олтин ишлаб чиқаришининг 12 фоизи тўғри келади. Бироқ 2018 йилдан ишлаб чиқариш 2017 йилга нисбатан 6 фоизга камайди. Шу тариқа Хитойда олтин қазиб олиш бўйича кетма-кет тўртинчи йилга камайиш ҳосил бўлиб 2018 йилда жами ишлаб чиқариш 404,1 тоннани ташкил этди. 2020 йилда эса бу мамлакат кўрсаткичи 368 тоннага тушиб кетди.
2-ўрин: Россия
2020 йилда Россия 331 тонналик кўрсаткич билан 2-ўринга чиқиб олди. 2018 йилда Россияда жами 297,3 олтин қазиб олинган. Одатда Европада қазиб олинган олтиннинг ўртача 83 фоизи Россия давлати ҳиссасига тўғри келади. 2010 йилдан буён мамлакатда йиллик олтин қазиб олиш ҳажми ортиб бормоқда. Олтиннинг энг йирик харидори Россия ҳукумати бўлиб, у мамлакатда қазиб олинадиган маҳсулотнинг учдан икки қисмини сотиб олади.
3- ўрин: Австралия
Австралия ҳам олтинчи йилки олтин қазиб олишни оширмоқда. 2020 йилда мамлакат 327 тонна маҳсулот ишлаб чиқарди. Бу — икки йил олдингига нисбатан 13 тонна кўпдир.
Хусусан, ўтган йиллар давомида Cadia Hill кони рекорд даражада, 23 тоннадан ортиқ олтин қазиб олмоқда. Яна бир AngloGold Ashanti кони ишлаб чиқариш ҳажмини 12 фоизга оширганини маълум қилган.
4-ўрин: АҚШ
2020 йилда Қўшма штатлар 190 тонна олтин қазиб олди. 2018 йилда АҚШда олтин ишлаб чиқариш қисман ошганди (221 тонна). Аммо кейинги икки йилда қазиб олиш кўрсаткичлари орқага кетди. Қайд этилишича, олтинларнинг қарийб 78 фоизи Невада штатида қазиб олинади.
5-ўрин: Канада
Ўтган йили Канадада 170 тонна олтин қазиб олинган. 2018 йилда мамлакатнинг Британия Колумбияси ҳудудида олтин захиралари аниқлаган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, конда 780 метр-тонна олтин мавжуд.
6-ўрин: Гана
2020 йилда Гана олтин қазиб олишда 8-ўриндан икки поғона юқорилади — 138 тонна. Умуман, ганада ҳам йил сайин олтин қазиб олиш кўпайиб бормоқда. Бундан 10 йил олдин Гананинг кўрсаткичлари йилига 94 тонна билан чекланарди. Дарвоқе, Гана Африкадаги энг йирик олтин қазиб олувчи давлат ҳисобланади. Олтин ушбу мамлакат умумий экспортининг 20 фоизини ташкил этади.
7-ўрин: Бразилия
Бу мамлакатда ҳозирда йилига ўртача 107 тонна олтин қазиб олинади. Ҳолбуки, 10 йил олдин йиллик кўрсаткич 71 тоннадан зиёдроқ эди.
8-ўрин: Мексика
2018 йилги кучли ўнликни якунлаган Мексика 2020 йилда 8-поғонани банд этди — 101 тонна. 2014-2017 йилларда олтин қазиб олиш кетма-кет пасайиб борган бу давлат пандемия даврида олтин қазиб олишни кўпайтиришга эътибор қаратди.
9-ўрин: Ўзбекистон
2020 йилда олтин қазиб олишда 101 тонналик маҳсулот билан Ўзбекистон 9-ўринда кўрсатилган. (Баъзи манбаларда 8-ўрин). Ўтган йили Ўзбекистон илк бор 101,6 тоннадан ортиқ олтин ишлаб чиқарди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2010 йилда 69 тонна, 2014 йилда 79 тонна, 2016 йилда 90 тонна олтин қазиб олинган.
10-ўрин. Индонезия
Индонезияда 2020 йилда олтин қазиб олиш кескин камайган. Шунга қарамай, бошқа давлатларда ҳам олтин қазиш камайгани ҳисобига Индонезия 100 тонна олтин қазиб олиб катта 10 таликка якун ясаган. Маълумот учун, Индонезияда 2018 йилда 153 тонна олтин қазиб олинган.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.