Пахтачилик Қаҳрамон бир хато боис 75 йил давомида ўз юртида хотирланмаяпти
Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўтган 49 йил давомида Пахтакор – ҳозирги Пахтачи тумани бўйича 3 нафар жангчи Совет иттифоқи Қаҳрамони бўлган, деб келинарди. 1994 йилда нашр этилган кўп жилдлик “Хотира” китобининг Самарқанд вилоятига бағишланган 2-китобида Пахтачи туманидан Совет иттифоқи Қаҳрамони деган унвонга сазовор бўлган, 1903 йилда туғилиб, 1943 йилда ҳалок бўлган Грегалхин фамилияли юртдошимиз ҳам борлиги қайд этилган (233-бет).
Аммо асосий манбаларда – “Совет иттифоқи Қаҳрамонлари рўйхатида Грегалхин фамилияли Қаҳрамон бўлмаган”, деган важ билан Совет иттифоқи Қаҳрамонининг номи яна 25 йил давомида тилга олинмай келган.
Муаммога айланган масалага ойдинлик киритиш мақсадида архив ҳужжатларидан, асосли манбалардан жавоб ахтардим. “Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари” номли икки жилдлик китобнинг 1-жилди саҳифасида излаганимни топиб жуда хурсанд бўлдим. Унда ёзилишича, Қаҳрамоннинг фамилияси Грегалгин эмас, Гречихин экан.
Эътиборсизлик туфайли Гречихин фамилияси Грегалхин шаклида хато ёзилиши натижасида зиёвуддинлик Қаҳрамоннинг номи 75 йил давомида гумонлар пардасида номаълум бўлиб келди.
Эл, юрт учун ўз жонини фидо айлаб ҳалок бўлганлар олдида биз ҳамиша бурчлимиз. Шу боис асосий манбалар (ЦАМО СССР, Ф-33, оп.793756, д.12, 1-27; “Герои твои – Херсонщина”. Симферополь, 1980, стр. 143-145) асосида ҳамюртимиз бўлган Қаҳрамон Гречихин Никита Артёмович тўғрисида мухтасар маълумот беришни маъқул кўрдим.
Никита Гречихин 1903 йилда Украинанинг Днепропетровск вилоятидаги Игрень шаҳрида туғилган. Меҳнат фаолиятини Украинада бошлаган, бинокор бўлиб ишлаган. Кейинчалик Гречихинлар оиласи Пахтакор туманига кўчиб келган. Бир неча йил давомида тумандаги қурилиш ташкилотларида фидокорона ишлаб, оила қуриб, тинч-тотув яшаган.
1942 йил февраль ойида Пахтакор (ҳозирги Пахтачи) тумани ҳарбий комиссариати томонидан ҳарбий хизматга чақирилиб, фронтга юборилган. 40 ёшда бўлганлиги учун Никитани “қари солдат” деб аташган.
Брянск, Ғарбий, Орлов, Марказий ҳамда Беларусь фронтларидаги жангларда қатнашган. Орлов, Чернигов – Припятск, Гомель – Речицк жанг операцияларида иштирок этган.
1943 йил сентябрида старшина Никита Гречихин Марказий фронт 61-армиянинг 356-ўқчи дивизияси 1185-ўқчи рота взвод командирининг ёрдамчиси бўлган. Днепр учун бўлган жангларда ўзини кўрсатган. Никита хизмат қилган полк Орловский области ҳудудида ҳужумга ўтган. Немислар қадимий Болхов шаҳрига олиб борувчи йўл четида ерни қазиб у ерга танкни жойлаштирган. Яхши ўрнашган танк қўшиннинг олдинга ўтиши учун ҳеч қандай имкон бермаган. Старшина Гречихин фашистлар “зарба етказиб бўлмайдиган”, деб ҳисоблаган ўқ отиш нуқтасини бир ўзи йўқотиши истаги билан чиқади. Лекин бу ишни амалга ошириш учун, яъни билдирмай душман орқасидан ўтиб, танкни портлатиш ўта кучли ҳарбий маҳорат, эпчиллик талаб қилар эди.
Машаққатли жанг тезда Мураново қишлоғи учун боғланади. Бир гуруҳ немислар чакалакзорда ўтириб, дарахтлар шохлари ва бутазорларда яшириниб, пулемёт ва автоматлардан отилган кучли ўқлар билан кутиб олади. Украинанинг Чернигов области Репкин райони Любеч қишлоғи ҳудудида Днепр яқинидаги жанглар вақтида разведка таркибида бўлган Никита немислар қисмидаги 50 га яқин фашистларни қўлга олади. Тасодифан юз берган имкониятдан усталик билан фойдаланиб, ёвга шиддат билан ҳужум қилади. Душман солдатларидан 9 тасини йўқ қилади ва 1 нафарини асир олади.
Старшина Гречихин яна ташаббус билан чиқади: ўзидай жасур йигитлар гуруҳи билан Филоново қишлоғи орқали душман орқасига ўтишга муваффақ бўлади. Тонгда у шартли сигнал беради. Артиллерия чакалакзорга зарба беради. Гречихин бошчилигидаги довюрак ботирлар гуруҳи орқадан немисларларга ҳужум қилади.
Никита Гречихин ўз взводи билан 1943 йил 28 сентябрда жангни жадаллаштириб, Днепр дарёсини кечиб ўтишда 5 та балиқчилар қайиғини излаб топади. Бир гуруҳ жангчиларга бошчилик қилиб биринчилардан бўлиб, Днепр дарёсидан ўтади. Ғарбий қирғоқда туриб пулемётдан ўт очиб, батальоннинг дарёдан кечиб ўтишига ёрдам беради.
1943 йил 4 октябрда Брагинка дарёси жангида Беларуснинг Брагинск райони Пирки қишлоғида бир гуруҳ аскарлар билан душман орқасига ўтиб, 37 нафар гитлерчиларни қириб ташлайди. Гуруҳнинг бу ҳаракати батальоннинг жуда тез олға силжишига ёрдам беради.
1943 йил 29 ноябрда полк Хойники районининг Туневшина, Глиница қишлоқларида мустаҳкам ўрнашган немис позициясига дуч келади. Гречихин хизмат қилган взвод бир неча марта шиддатли ҳужумга ўтиб, душман яширинган ҳандақларни эгаллайди ва ёвни чекинишга мажбур қилади.
Никита Гречихин 1943 йил 29 ноябрда Хойники районидаги Богуславица қишлоғи учун бўлган жангда ҳалок бўлади ва Туневшина қишлоғида, кейинчалик эса Хойники шаҳридаги қардошлар қабристонида дафн этилади.
СССР Олий Совети Президиумининг 1944 йил 15 январдаги фармонига асосан старшина Никита Гречихин ўлимидан кейин “Совет иттифоқи Қаҳрамони” деган юксак унвонга сазовор бўлган. Шунингдек, вафотидан сўнг Ленин ордени билан ҳам мукофотланган.
Игрень шаҳридаги 109- ва Днепропетровск шаҳридаги яна бир мактабга Қаҳрамон Никита Гречихин номи берилган. Богуславица қишлоғининг номи ўзгартирилиб, ҳамюртимиз номини абадийлаштириш мақсадида зиёвуддинлик довюрак Қаҳрамон шарафига Гречихино деб аталган.
Н.Гречихиннинг қаҳрамонона хизматларини улуғлаб, Зиёвуддин шаҳарчасидаги кўчалардан бирига, у яшаган маҳаллага унинг номи берилса, янгидан ташкил этилган “Ғалаба боғи”да қўрқув билмас, мард ўғлоннинг бюсти ўрнатилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Исмат Санаев.