Пахтани томчилатиб суғориш учун бюджетдан субсидия ажратилади

Ҳукумат қарори билан "Пахта хом ашёси етиштирувчиларнинг томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги Низом" тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот канали хабар бермоқда.

Қарорга мувофиқ, ҳар йили 1 апрелга қадар келгуси йилда пахта етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича аниқ рўйхат шакллантирилиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Низомга кўра, пахта етиштирувчиларнинг томчилатиб суғориш тизими жорий этилган майдоннинг ҳар бир гектари учун давлат бюджетидан бир марталик 8 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилади. Мазкур субсидия пахта етиштирувчиларнинг томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш билан боғлиқ харажатларини, шу жумладан ушбу мақсадга жалб этилган кредит бўйича қарздорликларини қоплашга йўналтирилади.

Шунингдек, ҳар бир туманда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича якунланган ишларни фойдаланишга қабул қилиш учун  қабул комиссияси тузилади.

Каомиссиянинг ижобий хулосасини олган ҳамда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун субсидия олишга даъвогар пахта етиштирувчилар рўйхати ҳар ўн кунда ишчи гуруҳи томонидан шакллантирилади.

Томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича 1 гектар майдонга 20 миллион сўмдан ошган қисми (компенсация қилинмайдиган қисми) алоҳида тижорат кредити билан расмийлаштирилади.