Суғоришда янги босқич: Сув сарфи назоратда
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида сув ресурсларини тежаш, суғориш самарадорлигини ошириш ва экин майдонларини иқлимга мос равишда мақбуллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.
Бу жараёнда Ўзбекистон Фермерлари кенгаши сувдан фойдаланишдаги муаммо ва камчиликларни аниқ маълумотлар асосида таҳлил қилиб, фермерларга тегишли хулоса ва тавсияларни етказиб бормоқда.

Президентнинг 2022 йил 1 мартдаги қарорига асосан томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет усулида суғориш тизимларига ҳамда ерни лазерли текислаш ишларига субсидиялар ажратиш белгиланган. Пахта, сабзавот, картошка, полиз, озуқабоп, мойли, дуккакли, доривор ва мевали экинлар учун гектар ҳисобида 1,3 миллиондан 8 миллион сўмгача субсидиялар, шунингдек пахта ва ғалла майдонларига ўрнатилган сув тежовчи ускуналар учун 5 йил муддатга 25 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар берилиши белгилаб қўйилган.
Сув ҳисоблагичлар ўрнатган фермерларга сув солиғидан 30–50 фоизлик имтиёз, 2026 йилдан бошлаб эса озуқабоп ва мойли экинлар етиштирувчи субъектларга насос агрегатларининг электр энергияси харажатларининг 50 фоизини давлат бюджети ҳисобидан қоплаш механизми жорий қилинмоқда.

Мамлакатда суғориш тармоқларининг ярми бетонланмагани сабаб катта миқдорда сув йўқолиши кузатилмоқда. Шунинг учун фермерлар томонидан ички суғориш тармоқларини ҳар йили куз-қиш мавсумида таъмирлаш ва бетонлаш ишларини самарали ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.
Суғориладиган майдонларнинг 60 фоизига 1680 дан зиёд насос станцияси ва 4 мингдан ортиқ қудуқ орқали сув етказиб берилиши ҳамда соҳадаги харажатларнинг 63 фоизи электр энергиясига тўғри келиши сувнинг катта маблағ ва меҳнат эвазига келиб тушишини кўрсатади. Шу вазиятда сувни кўллатиб суғориш, сувни зовурларга оқизиб юбориш каби исрофгарчилик ҳолатларига йўл қўйилмаслиги зарур.
Сув тежовчи технологиялар фермерлар орасида кенг оммалашиб, томчилатиб, ёмғирлатиб ва дискрет усулида суғориш орқали фермерлар сувни тежаб, ҳосилдорликни оширмоқда. Вилоят Фермерлар кенгаши ҳар 5 гектарга бир сувчи бириктириш, ҳосил майдонларини кўллатмасдан оқилона суғоришни таъминлаш бўйича тарғибот ишларини олиб бормоқда.
Жумладан, вилоятда қишлоқ хўжалиги учун йиллик 3,5 миллиард метр куб сув сарфланиши инобатга олинса, “сув – текин эмас” деган ғояни фермерлар онгига етказиш ва 2025–2026 йилларда 2400 километр, жумладан 2025 йилда 1164 километр ички суғориш каналларини бетонлаштириш вазифасини бажариш муҳимдир.
Томчилатиб суғориш усули эса сувни дала эмас, балки ўсимликка аниқ етказиб беришни таъминлаб, маблағ тежаш ва ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади. Шу боис фермерлар сувдан самарали фойдаланиш, замонавий тежамкор технологияларни жорий этиш ва исрофгарчиликка йўл қўймасликда бошқаларга намуна бўлиши лозим.
Отабек Холматов,
Самарқанд вилоят Фермер хўжаликларини ривожлантириш ва кўп тармоқли фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи.