Пайариқда ободонлаштириш ишларига қандай эътибор бериляпти?

Ҳар йили баҳор келиши билан маҳалла ва қишлоқларимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бошланади. Ёшу-қари ариқ-зовур қазиш, кўча ва йўлларни тозалаш, йўл ёқаларини ободонлаштириш, томорқаларга экин, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш каби ишларни амалга оширади.

Жорий йил бошидан Пайариқ туманида ҳам бу каби ишлар туман ҳокимлигининг ободонлаштириш бошқармасининг 300 нафардан ортиқ ишчи-хизматчилари томонидан мунтазам олиб борилмоқда. Улар томонидан шу кунгача маҳаллаларда қарийб 20 минг квадрат метр майдон кўкаламзорлаштирилди. Туман маркази ва Челак шаҳарчасидаги дов-дарахтларга ишлов берилиб, майдончалар кўкаламзорлаштирилди, супурилиб, чиқиндилар олиб чиқилди. 17500 погона метр ирригация тармоқлари тозаланди. Туман истироҳат боғи ҳамда кўчаларга 100 дан зиёд гул кўчатлари ва буталар экилди.

- Бу йил кўчаларни ёритиш тизимини модернизациялаш мақсадида серқатнов йўлларга 250 та қуёш панелли тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш режалаштирилган, - дейди туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Абдулатиф Баҳодиров. – Туман марказидаги Гўзал маҳалласи худудида 800 метр узунликда вело ва пиёдалар йўлакчасини қурилади. Марказий истироҳат боғи қиёфаси бутунлай ўзгартирилади. Айни вақтда ишчиларимиз Самарқанд, Пайариқ 50 йиллиги, Чўлпон кўчалари ҳамда Хўжа Исмоил маҳалласи ҳудудига 100 минг дона ҳар хил турдаги гул кўчатларини экяпти. Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида 20 минг туп манзарали ва ёғочбоп дарахт кўчатлари ўтказилади.

Туман ҳудудидаги барча - 121 та қабристонда пиёдалар йўлаклари ва автомобиль турар жойлари қурилади. Ободонлаштириш бошқармасининг махсус техникалари учун алоҳида гараж ва манзарали гуллар етиштириш учун иссиқхона барпо этилади. Шунингдек, режа асосида 100 километр узунликдаги ички йўллар шағаллаштирилади.

Бошқарма қошида ташкил этилган ички йўлларни таъмирлаш бўлими томонидан бугунгача Жавшар ота, Ўзбекистон, Бешқўрғон, Жувозхона, Ўймовут каби ўндан ортиқ маҳалладаги қарийб 10 километр ички йўллар шағаллаштирилди. Жумладан, “Обод қишлоқ” дастури асосида Халқобод маҳалласида 2 километр ички йўл шағаллаштирилиб, 6,5 километр йўл асфальт қилинди. Кўча ёқаларига 43 дона замонавий тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Дўстлик, Навбаҳор, Зарафшон, Янгиобод маҳаллаларида 11,4 километр ички йўллар асфальтлаштирилди.

- Кўчаларимизнинг сўнгги марта асфальт қилинганига қарийб 35 йил бўлди, -дейди Янгиобод маҳалласида яшовчи Умар Жабборов. – Йўлнинг ўйдим-чуқурлари қайта-қайта ямалавериб, қалинлашиб кетган эди, ёғингарчилик бўлса, дарров кўлмаклар пайдо бўлади. Нафақат енгил автомобиль, балки юк машиналари ҳайдовчилари ҳам ўтишга иккиланадиган бўлиб қолганди. Ниҳоят, эски қопламалар ўрнига янгиси тўшалгач, йўлимиз текис бўлди.

Ободонлаштириш ишлари тумандаги 129 та қабристонда ҳам олиб бориляпти. Зарафшон маҳалласида жойлашган “Ревож” қабристони биноси таъмирланди. Томойрот, Мирзо Улуғбек номли ҳамда Бошқўрғон маҳаллаларидаги қабристонлар девор билан ўралди. Чоштепа маҳалласидаги “Aззамхон бобо” қабристонида айвон қурилиши якунланди.

- Ободонлаштириш ишларидан тумандаги бошқа корхона ва ташкилотлар вакиллари ҳам четда қолгани йўқ, -дейди туман экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи Дилмурод Рўзиев. – Жорий йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида 1 миллион 414 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган бўлиб, баҳорда 905 минг туп экилиши лозим.

Туманда 1 та хиёбон, 2 маҳаллада сояли кўча, 6 маҳаллада мевали боғ, 12 та маҳаллада эса дарахтзорлар ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб,  бугунги кунда ишлар бошланган. Тумандаги 19 та саноат корхонасида чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилиб, корхона ҳудудларида “яшил белбоғ” барпо этилмоқда. Алишер Навоий номли ва Халқобод маҳаллаларида маҳалла боғлари яратиш борасида жадал ишлар олиб борилмоқда.

- Бу йил сув етказиб бериш ёки сув чиқариш имкони бўлган майдонларгагина кўчат экишга қарор қилинди, - дейди туман ободонлаштириш бошқармаси бош муҳандиси Нурали Одилов. - Туманда ташкил этилган экиш ишларини мувофиқлаштирувчи ҳудудий штаб вакиллари хулосасига кўра, қулай майдонлар танланмоқда. Дўстлик маҳалласида бўш ётган 3 гектар майдонда ҳокимлик боғи ташкил этилмоқда. Суғориш тармоғи тортиш режалаштирилган.

Мутахассисларнинг дарахт кўчатлари экилгач, ўз вақтида тагини юмшатиш, ўғитлаш, бегона ўтлардан тозалаш, касалликларига қарши курашиш ва энг муҳими, суғориш ишлари ташкил этилади, деган гапларига ишонгимиз келади. Янаям буни вақт кўрсатади.

Дилмурод Тўхтаев.