Пайариқдаги 41-мактаб иситилмаяпти, кўргазмали воситалар маънан эскирган, ҳатто дарс жадвали мавжуд эмас

Самарқанд вилоятидаги умумтаълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнларининг ташкил этилиши, таълим сифати ва самарадорлиги, мактаб директори ва ўринбосарларининг фаолияти ҳамда куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарликнинг ҳолатини ўрганиш мақсадида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қўлдош Саидов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Пайариқ туманидаги умумтаълим мактабларида бўлди.

Тумандаги 41-мактабга Қамариддин Аббосов 2015 йилда директор этиб тайинланган. Афсуски, мактабдаги ҳолатлар, муассасани обод этиш, таълим-тарбия жараёнларини назорат қилиш ўша йилдаёқ тўхтаб қолгандек таассурот уйғотади.

Мактаб табиий газ билан иситалади. Бироқ қозонхоналарнинг ўз вақтида соз ҳолатга келтириб қўйилмагани оқибатида бугун барча синфхоналар бирдек исимаяпти. Ўқитувчилар ва ўқувчилар дарсда қалин кийимларда ўтирибди. Ўқитувчилар хонаси ва аксарият синфхоналар ниҳоятда тартибсиз. Деворларга номигагина илинган кўргазмали воситалар тартибсиз илингани етмагандек, камида уларга 10 ёки 15 йил бўлган, маънан эскирган. Дарс жадвали мавжуд эмас.

Ҳожатхонанинг ҳолати қониқарсиз, мактабнинг бўш турган ер майдонидан унумли фойдаланилмаяпти. Бир неча йиллар олдин қурилган иссиқхонанинг аҳволи хароб. Тарновларнинг тозаланмаганлиги сабабли, бугунги ёғингарчилик кунларда сув тошиб чиқиб, бино фасадини ювиб тушмоқда.

Мактаб директори, ўринбосарлари ўқитувчиларнинг дарсларини таҳлил қилмаган. Жорий ўқув йилида олий таълим муассасасига ўқишга топширадиган мактаб битирувчиларининг билим даражаси ниҳоятда паст.

Бир сўз билан айтганда, муассасадаги таълим-тарбия жараёнларидан ташқари, яратилган кенг шароитлардан унумли фойдаланилмаяпти.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.