Пекинда аниқланган коронавируснинг юқимлилик даражаси Ухандагидан юқорироқ эканлиги айтилмоқда
Пекиндаги улгуржи савдо бозорида аниқланган коронавируснинг юқимлилик даражаси Уханда аниқланган вирусдан юқорироқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ухан университети вирусология бўлими профессори Ян Чжанцю маълум қилди.
“Эволюция жараёнида вируслар ёки заифлашади ёки кучаяди. Бироқ менинг фикримча, “Синфади” бозорида аниқланган коронавируснинг юқимлилик даражаси Ухан бозорида аниқланган коронавирусдан юқорироқ”, дея таъкидлади мутахассис “Хуанцю шибао” газетасига берган интервьюда.
Унинг сўзларига кўра, Ухан соғлиқни сақлаш вазирлиги янги вирус ҳақида 2019 йилнинг декабрь ойида хабар берган. 2020 йилнинг 17 январь ҳолатига келиб, 62 нафар касаллик аниқланган. Мазкур кўрсаткич айни вақтда Пекинда қайд этилган кўсатгич билан деярли бир хил. Бироқ Ухандаги эпидемия, касаллик тарқалишига яхши шароит яратиб берган қиш фаслида вужудга келган. Пекиндаги ҳолат эса касаллик тарқалишининг кескин камайишига сабаб бўладиган ёз ойларига тўғри келмоқда. Шу билан бирга, Ухандаги ҳолат бўйича ҳукумат ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган бўлса, айни вақтда эса барча шароитлар яратилган. Бироқ шунга қарамасдан, Ухандаги касалланиш тарқалиш ҳолати билан Пекиндаги ҳолат деярли бир хил кўрсаткичга эга.
Шунингдек, мутахассис вируснинг янги ўчоқлари ва штаммларининг пайдо бўлиши вакцина яраталишидаги тадқиқотларни қийинлаштириб юборишини айтиб ўтди.