Польшалик депутат: Самарқанд билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз

Эътироф

Кеча Польшанинг Люблин воеводи(вилояти) халқ депутатлари кенгаши раиси, Люблин Католик университети професори Мечислав Риба раҳбарлигидаги делегацияси маҳаллий Кенгашлар ва ишбилармонлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Самарқандга келди.

Вилоят Кенгашидаги мулоқотда томонлар ҳамкорликнинг йўллари хусусида фикрлашиб олдилар.

-  Ўзбекистондаги чуқур демократик ислоҳотлар, эришилаётган натижалар ва давлат раҳбари, жаноб Мирзиёевнинг халқаро минбарлардаги ташаббус ва таклифлари жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда – деди Мечислав Риба. – Биз, депутатлар, бир гуруҳ тадбиркорлар билан бирга  Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги иқтисодий ҳамда маданий алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида келдик. Гарчи Сирдарё ва Навоий вилоятларида аниқ лойиҳаларни режалаштирган бўлсак-да, Самарқанднинг бугунги салоҳияти эътиборимизни тортди.

Гуруҳимиз аъзоси , Люблин воеводлиги ассамблеясининг минтақавий ривожланиш ва ташқи ҳамкорлик бўйича қўмита раиси Зыигнев Вьйцеховский бундан 11 йил аввал бу ерга келгани  ва ўтган даврда катта ўзгаришлар бўлганини айтгандан сўнг Самарқанд билан ҳамкорлик ўрнатишга иштиёқимиз янада ортди. Биз бу ўлканинг табиатига, одамларининг меҳмондўстлиги ва бағрикенглигига ҳавас қилдик. Чорвачилик ва  деҳқончилик маҳсулотларини қайта ишлаш, кўмир саноати бўйича ҳамкорлик қилишни режалаштирдик.