Полвон фақат “зот” учун майдонга чиқмайди - ор талашади, ғурур талашади
“Катта зот (солим) айтаман! Эшитмадим деманглар! Ғирромлик қилманглар! Ип солмайсан, бир-бирингга қамчи урмайсан. Яккалатиб, кўрсатиб, ҳалоллаб зотни оласан”.
Баковулнинг бу гаплари чавандозлару томошабинларни янада сергак торттирди. Кейин эса отларнинг сувлуқ тишлаб кишнашлари, узангиларнинг бир-бирига шақирлаб урилиши, қамчиларнинг ҳавода айланиши, чавандозларнинг “Улоқ ердан кўтарилди, тақимга бос, устига от ҳайдама” деб қичқиришлари кенг даштни тутди.
Паст дарғомликларнинг бу йил ҳосил мўл бўлганидан хурсандлигини кўриб, она табиат ҳам “келгуси йилги ҳосилинг бундан-да, мўл бўлсин” дегандай, оппоқ қорини от чопаётган полвонлар, томошабинлар устига сочди.
Полвонда, зот талашади, ор, ғурур талашади. Қор ёғди деб улоқни ерда қолдирмайди...
Паст Дарғом туманида янги очилган “Отчопар” майдонида туман ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган улоқ-кўпкарида ана шундай сўзлар янгради.
Унда полвоннинг зўри, отнинг учқури зотни қўлга киритди. Улоқни тақимга босиб келган полвоннинг ҳар бири камида ярим миллион, юқориси 5 миллион сўмлик совринга эга чиқди. Ўйин давомида полвонлар элликдан зиёд шундай совринлар учун от сурди. Дошқозонларда ош тайёрланиб, ҳалққа тарқатилди.
Олим СОННИБОЕВ.