Жомбойда бўлган кўпкарида Алишер полвон "Бойинг" лақабли отида "Cobalt"ни қўлга киритди

Наврўз байрами тадбирлари доирасида бугун Жомбой туманидаги "Қорақасмоқ" отчопарида улоқ-кўпкари мусобақаси бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган томоша-тадбирда юртимизнинг турли ҳудудларидан, шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан чавандозлар иштирок этди.

Мусобақада чавандозлар туя, той, тана, гилам ва кўплаб соврин ҳамда пул мукофотларини қўлга киритди.

Ҳокимлик томонидан қўйилган бош соврин – "Cobalt" автомобили ғаллаороллик Алишер полвонга насиб этди. У ургутлик Муроджон Файзиевнинг Ўрта Осиё чавандозлари тан олган "Бойинг" лақабли оти билан ушбу мукофотга сазовор бўлди.

Автомашина калити ва сертификатини чавандозга Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов топширди.

Бахтиёр Мустанов.