Президент билан гаплашдик

Президентимиз ташаббуси билан илк бор ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумида “Ёшларга – Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси”, дея ишонч билдирилди.

Мазкур тадбирда 3 минг 300 нафардан зиёд, шунингдек, ҳудудлардаги студияларда 26 минг нафар йигит-қиз иштирок этиб, Юртбошимиз нутқини тинглади ва бевосита мулоқот қилди. Жумладан, самарқандлик талабалар ҳам ўз таклифларини билдирди.

- Ҳозирги кунда қайси бир ривожланган мамлакатга қарамайлик, student society, яъни талабалар жамияти фаолият юритади, - дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси Маржона Самадова. – Мен форумда муҳтарам Президентимизга мамлакатимизда талабаларни ўзаро бирлаштирадиган, бир олий ўқув юрти билан иккинчи олий ўқув юрти ўртасида ҳамкорликни йўлга қўядиган, талабаларнинг чет эл олий таълим даргоҳларида малакасини оширадиган, юртимиздаги 125 та университет ва институтларни бирлаштирадиган талабалар ассоциациясини ташкил этиш бўйича таклифимни айтдим.

Бу таклиф Президентимиз томонидан маъқулланди. Вилоят ҳокимлиги ҳамда Самарқанд давлат университетига мазкур олийгоҳда талабалар ассоциациясини ташкил этиш топшириғи берилди.

“Ипак йўли” халқаро туризм университети талабаси Шоҳнигор Жўраева ҳам форумда ўз фикри билан иштирок этиб, битирувчи ёшларни қийнаётган муаммога тўхталди.

- Бугун аксарият талабаларимиз фақат диплом учун таҳсил олмоқда, - дейди Ш.Жўраева. – Афсуски, ўқиб билим олиш, ўз соҳасини мукаммал эгаллаш иккинчи масала бўлиб қоляпти. Таклифим: иш берувчи ташкилот битирувчиларни дипломига қараб эмас, балки малакасига, билимига қараб ишга олса, шунда таълим олишга бўлган масъулият ошарди, билимли кадрлар кўпаярди.

Юртбошимиз бу таклифни ҳам маъқуллади. “Сизнинг гапларингизга қўшиламан ва буни ҳар бир йиғилишимда алоҳида таъкидлайман”, деди Президент.

Форумда ёшлар жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун бир қатор имтиёз ва имкониятлар берилиши айтилди. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, вазирлар ва масъул раҳбарларнинг ёшлар билан учрашувлари мунтазам йўлга қўйилиши, “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ташкил этилиши, “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш, ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилиб, унга 100 миллион доллар маблағ ажратилиши ҳамда икки ва ундан кўп фарзанди шартнома асосида таълим олаётган оилаларга имтиёзли таълим кредитлари жорий этилиши барча ёшларни қувонтирди, ўзига хос мотивация берди.