Президент фармони асосида суд фаолиятида нималар ўзгаряпти? Янгиликлар нима беради?
Давлатимиз раҳбарининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Хусусан, вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилади.
Ҳозирги кунда ҳар бир вилоят судида 4 тадан 15 тагача судьялар фаолият юритаётган бўлса, янги ташкил этилаётган умумюрисдикция судларида уларнинг сони 19 тадан 47 тагача бўлади.
Айтиш мумкинки, шу пайтгача вилоят судларида судьялар сонининг камлиги учун маълум бир ишлар бир вилоятдан иккинчисига олиб берилган. Мисол учун, ўтган даврда 20 мингдан ортиқ ишларнинг олиб берилиши, фуқароларнинг сарсонгарчилигига сабаб бўлган.
Фармон билан шунингдек, илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда республикада самарали маъмурий одил судлов тизимини яратиш белгиланган.
Бунда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. Туман, шаҳар маъмурий судлари тугатилиб, уларнинг негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади.
Яъни, бутун мамлакат миқёсида 199 та туман, шаҳар маъмурий судлари мақбуллаштирилиб, вилоят марказларида 14 та туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбари имзолаган ҳужжатда судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институтини жорий этиш кўзда тутилган.
2019 йилда 469 та иш судда бир неча ой кўрилгандан кейин дастлабки терговдаги камчиликларни бартараф этиш учун прокурорга қайтарилган. Эндиликда ишни судга тайинлаш жараёнида 7 сутка ичида судья мазкур масалани ҳал этиши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, прокурорнинг судда, иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартиби илғор халқаро стандартларга мослаштирилмоқда. Жумладан, прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш мумкин бўлади.
Энди прокурор томонидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан ишни ўрганиш учун чақириб олиш, прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этишини чегаралаш назарда тутилмоқда.
Фармон билан тизимга киритилаётган ўзгартишлардан яна бири ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали суд тизимига “бир суд – бир инстанция” тамойилини жорий этиш.
Бунда суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади. Бир судда ишларни икки босқичда (биринчи ҳамда апелляция ёки кассация) кўриш амалиётига барҳам берилади.
Ваҳоланки, 2019 йилнинг ўзида айни бир вилоят судида биринчи ва апелляция (кассация) инстанциясида кўрилган ишларнинг 13 мингга яқини Олий судда ўзгартирилган ёки бекор қилинган.
Шунингдек, Фармонга кўра, Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби тузилади.
Биргина, 2019 йилда иқтисодий судлар томонидан чет эл инвесторлари билан боғлиқ 3 мингга яқин, рақобатга оид 30 дан ортиқ ишлар кўрилгани бу янгиликнинг нечоғлик аҳамиятга эгалигини кўрсатиб турибди.
Бир сўз билан айтганда, қайд қилинган фармоннинг қабул қилиниши суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлаш ҳамда суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Жаҳонгир АРСЛОНОВ,
жиноят ишлари бўйича вилоят судининг судьяси.
Абдусаттор АБДУРАЗЗАКОВ,
жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг раиси.