Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчилари давлат ва чет тилларини мукаммал билиши шарт

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 9 сентябрда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилади.

Президент мактаблари;

тасдиқланган штат жадвалини ва уларни молиялаштиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий органлари ҳузуридаги Абдулла Орипов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Муҳаммад Юсуф, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий, Ҳалима Худойбердиева ва Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаблари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ва Абу Али Ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати  Агентликнинг идоравий бўйсунувига ўтказилади.

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларининг давлат ва чет тилларини мукаммал билиши, Президент мактаблари битирувчиларининг камида 20 фоизи халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингида олий таълим муассасалари орасида дастлабки 1 000 та поғонани эгаллаган етакчи хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кириши талаб этилади.

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, республика аҳамиятига эга бошқа ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, йирик компания ва бирлашмаларга ишга жойлашишда кўмаклашилади.

Агентлик ҳузурида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Ижод мактабларида ҳар бир синфдаги ўқувчилар сони 20 нафарни ташкил қилади, 7-синфларга қабул қилиш эса ижодий танловлар, тест ва бошқа синовлар асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари мунтазам равишда ижод мактабларида ўқувчиларнинг ижодий истеъдодини ривожлантиришга қаратилган машғулотлар олиб боради.