Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Президент мактабига кириш имтиҳонлари: Ўқувчилар ўз билимини синовдан ўтказмоқда

Самарқандда Президент мактабига талабгорлар учун тест синовлари бўлиб ўтмоқда.

Бугун Cамарқанд шаҳридаги 2-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби стадиони ва “Локомотив” марказий жисмоний тарбия спорт клуби Самарқанд филиали футбол ўйингоҳида тест синовлари ўтказилди.

Биз Cамарқанд шаҳридаги 2-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг футбол ўйингоҳидаги тест жараёнини кузатдик.

-  Тест жараёнлари икки навбатда, яъни 8:30 дан 9:30 гача, 17:30 дан 18:30 гача этиб белгиланган, - дейди Кембридж ассесментнинг Ўзбекистондаги вакили Жаҳонгирмирзо Турдиалиев. – Тест саволлари Британия томонидан тайёрланган. Биринчи босқичда талабгорлар математика фанидан мантиқий фикрлаш бўйича 30 та тест саволига жавобларни белгилайди. Иккинчи босқич 25 августда ўтказилиши режалаштирилган бўлиб инглиз тилидан талабгорлар билими синовдан ўтказилади.

Ўтказилган тест жараёнида ота-оналардан тушаётган энг кўп савол жавобларнинг нега қаламда белгиланаётгани бўлди. Албатта, бу Британия томонининг талаби. Тест варағи ҳар бир талабгорга биттадан берилади, холос. Ҳужжатлар онлайн қабул қилинган бўлиб, туғилганлик гувоҳномаси базага киритилган. Фақатгина исм-фамилияси қайта ёзилиши мумкин, агар жавоблар белгиланиб ўчирилса ва қайтадан ёзилса, хато ҳисобланиб, талабгорнинг тест варианти бузилган, деб топилади.

-  Тестни ўғлим топшираётган бўлса-да мен ҳаяжондаман, - дейди қўшработлик Абдувоҳид Савронов. – Ота-оналар кутиш жойида Wi-Fi орқали уларни интернетда тўғридан-тўғри кузатиб турибмиз. Ҳақиқатда имтиҳон ошкора ва адолатли ташкил этилгангина гувоҳ бўлдик.

-  Тест жараёни мен учун катта синов бўлди, - дейди оқдарёлик талабгор 42-мактаб ўқувчиси Нигина Салимова. – Саволлари бироз мураккаб бўлса-да, ўз билимим ва устозим Сарвиноз Долиеванинг ўргатганлари асқотди. Президент мактабига ўқишга қабул қилинсам, билимимни янада оширишга ҳаракат қиламан.  

Маълумот ўрнида: Самарқанд шаҳридаги Президент мактабига 14 403 нафар ўқувчидан ариза қабул қилинган бўлиб, шундан 13 329 таси тасдиқланган. Тест синовларидан муваффақиятли ўтган 144 нафар талабгор мактабга қабул қилинади.

Ҳусан Элтоев.