Президент таклиф этган беш ташаббусни Ургутда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси”да беш ташаббусни амалга ошириш бўйича масъуллар ва чора-тадбирлар белгиланди.

Хусусан, тумандаги 135 та умумий ўрта таълим мактабини 3 турдаги (рубоб, дутор, доира) мусиқа асбоблари билан таъминлаш орқали қўшимча 150 та тўгарак ташкил этилади. Шунингдек, мактабларда ҳаваскор ёшлар театр ва ансамбллари тузилади.

Тумандаги барча корхона, ташкилот, муассасалар ишчи-ходимлари, ўқувчилар, катта ёшдаги аҳоли ўртасида эрталабки гимнастика машғулотлари, ҳафтада бир кун спорт тадбирлари йўлга қўйилади.

Ургут марказий маданият ва аҳоли дам олиш масканида, туман марказидаги мусиқа мактабида, амфитеатрда wi-fi ҳудуди ташкил этилади.

Умумтаълим мактаблари, боғчалар ва маҳаллаларга 18 мингдан ортиқ китоб тарқатилади.

Туманнинг олис қишлоқларида тикув-трикотаж мажмуаларини ишга тушириш ҳисобига 400 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланади.

Беш ташаббусни Ургутда амалга ошириш доирасида 600 нафар ёшларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш режалаштирилган.