Президент ёшларни касбга йўналтиришга масъул психологлар иши умуман сезилмаётганини қайд этди

Шавкат Мирзиёев масъулларга 7–11-синф ўқувчиларини индивидуал ёндашув асосида касбий диагностикадан ўтказиш вазифасини топширди.

Таъкидланишича, профессионал таълимни янги ёндашувлар асосида ташкил этиш шарт. Бу ишларни қандай ташкил этиш Ангрен шаҳри мисолида кўрсатиб берилди.

Ангренда 2022 йилда меҳнат бозорига 3800 нафар ёш кириб келиши, шаҳардаги 535 та корхонада ишчи касблар бўйича 1915 та бўш иш ўрни мавжудлиги, инвестиция лойиҳалари ҳисобига яна 2 мингдан ортиқ ўрта бўғин мутахассисларига эҳтиёж пайдо бўлиши маълум қилинган.

Вилоят, туман ва шаҳарларда Касб-ҳунар таълими кенгашлари ташкил этилади. Янги тизим орқали 6 минг нафар аҳоли касбий таълим билан қамраб олинади ва манзилли ишга жойлаштирилади.

Йиғилишда ёшларни касбга йўналтиришга масъул бўлган психологлар иши умуман сезилмаётгани қайд этилди. Шу боис Халқ таълими вазирлигига:

- ўз тизимидаги психологларни қайта ўқитиш ва талабга жавоб бермайдиганларини алмаштириш;
- 7–11-синф ўқувчиларини индивидуал ёндашув асосида касбий диагностикадан ўтказиш ва тавсияларини кенгашларга тақдим этиш топширилди.
Шу билан бирга, вазирлик олдига Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ташхис маркази фаолиятини трансформация қилиш вазифаси қўйилди.