«Прикол»лар билан тўйинаётган миялар ёхуд фикрий ялқовлик
Сабаб ҳақида эмас, оқибатини ёзмоқчиман. Гарчи, аввал у ёки бу муаммони юзага келтириш сабаблари айтилиши лозим бўлса-да, оқибатлар ҳақида тўхталишни афзал билдим. Умуман, бугун қай тариқа, нега бу аҳволга тушдик? Бунга матбуотчи айбдорми ё ўқувчими?
Семинарбозлик…
Кейинги пайтда семинарбозлик, у ёки бу соҳа вакилларини ўқитиш роса авжига чиқди. Бирор қонун чиқди, дейлик. Бу ҳақда фалон соҳа вакилларини ўқитиш керак, қонунни уларга тушунтириб қўйиш керак, дейишади мутасаддилар. Ва кўп ўтмай, жойларда қанча одамнинг вақти, маблағи сарфланади, қонунми, қоидами, ишқилиб, янгилик яхшилаб ўқитилади. Ўқитилгандан кейин бирон натижа бўлади, деб ўйлайсизми? Шу қонуннинг аҳамиятини сўрасангиз, зиёли инсонлар елка қисиб тураверади, қонуннинг ҳаммасини ёдлаб бўлмайди-ку, дея фикр ҳам билдиради. Гап амалий кўрсатмалари мавжуд бўлган семинарлар ҳақида эмас, албатта.
Ёки баъзи маърифий тадбирларни олайлик. Мақсад-муддаолар жуда баландпарвоз. Низомни ўқиб кўрсангиз, бундай учрашувлардан кейин аҳоли ёппасига маърифатли бўлишига ишониб қоласиз. Аммо жойларда тўрт-беш нафар саводи бор одам юрт келажаги ҳақида ваъз ўқийди, холос.
Бир ҳудудда жиноятчилик бўлса, яна маҳалла сарсон, одам йиғиб, жиноятчилик қилманглар энди, кўряпсизларми, нима бўляпти, дея ваъз ўқилади. Бу ерда ўтирганларнинг кўпи бу гаплардан чарчаган, қулоғига кирмай, эснаб ўтирган бўлади. Бирор даргоҳда коррупция ҳолати учраса ҳам яна йиғилиш, эҳтиёт бўлинглар ахир, дея огоҳлантиришади.
Эътибор беринг, юқоридаги мисоллар асосан катта ёшлилар ўртасидаги учрашувлар ҳақида. Яъни, катта ёшлиларга ундай қилма, бундай қилишинг керак, деб ақл ўргатамиз. Энг қизиғи, ваъзхонлик усулида. Вақт сарфланади, баъзида маблағ ҳам.
Ваҳоланки, ҳар бир соҳанинг ўз нашрлари борлиги ҳақида кўпчилик билмаса ҳам керак. Ушбу нашрларда соҳанинг янгиликлари доимий равишда бериб борилиши баробарида, таҳлил ҳам қилинади. Лекин бу нашрларни кимдир ўқийди, жуда кўпчилик ўқимай қўйган…
Фақат тилчи саводли бўлиши керакми?
У ёки бу соҳа вакиллари ўртасида ўтказилаётган аттестация натижаларидан норози ходимларни тез-тез учратиб турамиз. Уларнинг аксарияти саволлар ўз соҳасидан эмаслиги, жамиятдаги ўзгаришлар, ислоҳотлар билан боғлиқ эканидан ёзғиради. Хўш, жамиятдаги ислоҳотни биринчи навбатда зиёли одам билмаса, ким билиши керак?
Мактаб битирувчиси ёки талабаларнинг биргина ариза ёзишда ўнлаб хатолар қилаётгани ҳақида кўпчилик куюниб гапиради. Ваҳоланки, нуфузли ташкилот ёки зиё масканида фаолият кўрсатаётган қанчадан-қанча ходимларнинг ўзлари ҳам хато билан ёзишларини, икки жумла тузишда кимларгадир мурожаат қилишларини қандай тушуниш мумкин? Айниқса, хатолари ҳақида гапирсангиз, «биз тилчи эмасмиз-ку», дея саводсизликни бу билимсизлик эмас, қабилидаги тушунча билан алмаштирмоқчи бўлганларни ҳануз тушунолмайман.
Буларнинг ҳаммасини, эҳтимол, муболаға деб атасангиз ҳам ГАЗЕТА ЎҚИМАСЛИК натижаси, деб биламан. Тўғри, бу ҳолатнинг қатор, биз журналистларга ва умуман, жамиятга алоқадор сабаблари бисёр. Аммо бугун республика, вилоят нашрларида кескин ўзгаришлар борлигини барчамиз кўриб турибмиз.
Чанг босган нашрлар
Дейлик, «Ҳуррият» газетасидаги «Уйқудаги Қонунбек», «Икки минг олти юз ҳайрат водийига бир қадам» мақолалаларини ўқиган одам бу газетани яна излаб ўқигиси келади. «Жамият» газетасидаги «Акахон»ни орқа қилиб бюджетни талаётганлар, тўхтанг!», «Вакцина атрофидаги миш-мишлар», «Миллат, оналаринг нега безовта?» каби мақолаларини ўқиган ўқувчи ушбу газета билан ошно бўлиб қолишига шубҳа йўқ.
Шунингдек, республикада нашр этилаётган бошқа қатор газеталарда тош босадиган, салмоқли мақолалар бериляпти ва улар ўқувчисини ислоҳотларни билиши баробарида тафаккур қилишга, ўйлашга, фикрлашга ундайди. «Маърифат»ни ўқимай қўйган ўқитувчининг аттестациядан қийналиб ўтишига ишонаман. «Тафаккур»даги хазина мақолаларни ўқимай қўйган олий таълим муассасаси ўқитувчиларининг эҳтимол билими ҳақиқатан ҳам зўрдир, аммо ўз доирасидан нарига чиқолмайди, деб ўйлайман, негадир. Афсуски, ушбу нашрларнинг обунаси ҳаминқадар, қолаверса, қайсидир ташкилотга бораётган бўлса-да, чанг босиб қолаётган ҳолатлар ҳам кўп.
Зиёлилар даврасида ҳам…
У ёки бу давраларда ўтирсангиз, туппа-тузук зиёли инсонларнинг бўш вақти бўлди дегунча ижтимоий тармоқлардаги «приколлар»дан бош кўтармаётганини сезиб қоласиз. Муҳокама мавзуи ҳам шу!
- Янгисини кўрдингизми?
- Боплабди-я!
- Ундан зўрроғини кўрсатайми, манавини қаранг…
Хуллас, кимларнингдир йиқилиб тушишидан тортиб, хотин-қизларнинг қад-қоматини кулгига солган, торт билан уришдан тортиб, ҳайкалларга «дард-ҳол қилган» ёшларнинг қатор бачкана видеолари одамларнинг доимий диққат марказида.
Ҳаммани битта қозонга солманг, ҳар бир медианинг ўз ўқувчиси, ўз кўрувчиси бор, дейишга шошилманг. Афсуски, қозонлар бирлашиб боряпти. Бундай лавҳаларга ўчлик зиёлию, барча давраларга ўтиб, юқумли касалликдай тобора онгимизга сингиб бораётир. Бу балки мен ўйлагандай хавфли, қўрқинчли жараён эмасдир. Аммо ҳамма гап шундаки, одамлар онгини мазмунли маълумот билан эмас, мана шундай олди-қочдилар билан тўлдираётганида. Мия доимий равишда бу каби «озуқа»лар билан тўлдирилавергач, жиддийроқ маълумотни ўқишга ҳам эринчоқ бўлиб қолади, одам. Фикрий ялқовлик юзага келади - қўрқинчлиси шу.
Бугун бирор даврада фалон газетада фалон мақолани ўқидингизми, деган саволлар тобора камайиб, унинг атрофидаги баҳс-мунозаралар йўқолиб боряпти. Фақат таҳририятда ишлаганим учун эмас, шу юртнинг бир фуқароси сифатида бу ҳолат аҳолининг саводсизлигини оширишига олиб келади, деган ташвишдаман.
Фикрий ялқовлик туфайли…
Мен юқоридаги баъзи самарасиз йиғинлару, семинарлар, ташкилот ходимларининг аттестациядан ўтиши билан боғлиқ (ўқитувчиларнинг аттестациядан нечоғлик паст кўрсаткич билан ўтгани ҳақида илгари ҳам хабар бергандик) ҳолатларнинг аксариятини газета ўқимаслик билан боғлайман. Зиёли инсоннинг иккита жумлани тўғри туза олмаслиги ҳам газета, журнал ўқимаслик оқибатидир. «Прикол»ларга муккасидан кетишимизга ҳам газета ўқимаслигимиз сабабдир. Мазмунли ахборотни қабул қилмаслик синдроми шакллангач, уни қайта тиклаш осон кечмайди.
Қонунлар-ку, майли, оддий янгиликни яхшироқ, соддароқ тилда тушунтиришга тўғри келмоқда. Одамлар интернет тилига, яъни соддароқ тилга тобора мослашиб боряпти, тилимиз ўз жозибадорлигини йўқотмоқда.
Энди одамларни газета ўқишга мажбурлай олмайсиз, ҳозир интернет асри, деб бонг уриши мумкин. Қўшиламан, аммо ҳаётимиз фақат ахборотдангина, қолаверса, интернет тилида берилаётган маълумотдангина иборат эмас. Чунки энг оммабоп интернет нашрида ҳам яхши ёзилган таҳлилий мақоланинг ўқувчилари кам. Тинимсиз, доимий ахборот эса инсон миясини ҳар қандай маълумотдан, ҳатто ўқишдан ҳам толиқтириб юборади.
Мен неча ўн йиллардан буён фаолият кўрсатиб келаётган маънавият ташкилоти одамларни газета ўқишга чорлайдиган, тарғиб қиладиган бирор бир ҳаракат амалга оширганини кўрмадим. Ваҳоланки, бир вилоятда бир зал одамни йиғиб ўқилган маъруза шаклидаги йиғилишдан кўра, газетадаги битта мақоланинг таъсири кўпроқдир.
Газета ўқимаслик бугун шу даражага етдики, ҳатто таълим муассасалари кутубхоналарида ҳам газета, журналларни тополмай қолдик.
Яхши мақолалар йўқлиги учун эмас, аллақачон фикрий ялқовлик юзага келгани учун газета, журнал ўқилмай қўйилгани фожиа, назаримда.
Гулруҳ Мўминова.