Профилактика инспекторларининг аксарияти ноюридик олий маълумотга эга

Бугунги глобаллашув шароитида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳар бир мамлакатнинг асосий мақсадларидан бири саналади. Чунки давлат ўз ички функцияларини амалга оширар экан, ҳуқуқий тартибни сақлаш ва тинчликни таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратади.
Мазкур функциялар тегишли ваколатли давлат органлари, яъни Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия органлари томонидан амалга оширилади.
Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони билан бу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган устувор йўналишлар белгилаб олинди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 февралдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ушбу соҳани янги босқичга олиб чиқиш учун тамал тоши қўйилди.
Қарор инсонларнинг ҳуқуқи, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳада фаолият юритаётган ходимларнинг билим ва кўникмаларини, кадрлар захирасини замонавий ўқитиш методлари орқали шакллантиришни назарда тутади.
Биламизки, ҳуқуқбузарликлар профилактикасида асосий ўринни профилактика инспекторлари эгаллайди. Шундай экан, уларнинг юридик билимга эга бўлиши жуда муҳим. Афсуски, профилактика инспекторларининг аксарияти ноюридик олий маълумотга эга. Бу эса турли масалалар юзасидан мурожаат қилган фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, қонунчиликни етарлича қўллай олиш каби масалаларда камчиликларга йўл қўйилишига олиб келади.
Мазкур муаммоларга барҳам бериш учун Президент қарорига мувофиқ, Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиалида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш йўлга қўйилган. Бугунги кунда мазкур филиалда жами 866 нафар талаба таҳсил олмоқда. Ҳозиргача ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларида профилактика инспекторлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш ходимларининг 200 нафардан ортиғи қайта тайёрланди. Жорий ўқув йилида филиалда таҳсил олаётган биринчи битирувчилар ўз касбий фаолиятини бошлайди.
Улфат Шоназаров,
Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиали кафедра мудири.