Прокуратура Қўшработда иккита мактаб қурди

Бу мактабларнинг бири Қўшработ тумани марказидан 40 километр, иккинчиси 60 километр узоқликда жойлашган. Иккисида ҳам бир хил муаммо — бинолар эски, ўқувчилар сони эса меъёрдан кўп эди. Жой етишмаслиги, яқин ўртада бошқа мактабнинг йўқлиги сабабли дарслар икки навбатда, ҳатто коридор ва спорт залида ҳам ўтилган.

Вилоят прокуратураси ташаббуси билан Қўшработнинг энг олис маҳаллаларидаги мазкур икки мактаб янги биноли бўлди. Уларнинг очилиш маросими муносабати билан ташкил этилган пресс-турда ўқитувчи ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар, ҳудуд аҳолисининг кайфияти билан танишдик.

Биринчи манзил Оқчобсой маҳалласи бўлди. Бу ердаги 51-умумтаълим мактабининг эски биноси 1970 йилда ҳашар йўли билан хом  ғиштдан қурилган ва бугунги кунда фойдаланишга бутунлай яроқсиз ҳолатда эди. 2007 йилда инвестиция дастури асосида қуриб берилган 140 ўринли бино 360 нафар ўқувчини сиғдира олмаган ва дарсларнинг асосий қисми авария ҳолатидаги бинода ўтиб келинган. Юқоридагиларни инобатга олиб, вилоят прокуратураси ҳисобидан ажратилган 2,4 миллиард сўм маблағ эвазига мактабга 220 ўринли қўшимча бино қуриб берилди. Шунингдек, муассасанинг 2007 йилда қурилган биноси тўлиқ таъмирланди, мини футбол майдончаси ва ўқувчиларнинг мактаб ҳудудига хавфсиз кириб-чиқиши учун сой устида кўприк қурилди.

— Бу мактабда яқин 15-16 километр атрофдаги қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳолининг фарзандлари ўқийди, - дейди туман ҳокими Дилшод Шакарбоев. – Улар қир ошиб, пиёда икки соатча йўл босиб илм олгани келади. Қийинчиликлардан қўрқмайдиган, мақсади сари интиладиган метин иродали одамлар яшайди бу ерда. Янги мактаб ўқувчиларимиз учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Айнан шу ёшлар орасидан юртимизни дунёга танитадиган олим ва спортчилар чиқишига ишонаман.

Туманнинг яна бир олис маҳалласи - Юқори Жўшдаги 45-умумтаълим мактаби 1980 йилда ҳашар йўли билан қурилган бино яроқсиз ҳолатга келиб қолганди. Бу мактабда ҳам 2017 йилда инвестиция дастури асосида 140 ўринли қўшимча бино қуриб берилган. Аммо ўқувчиларнинг сони 270 нафардан ортиқ.

Вилоят прокуратураси томонидан ажратилган 2,1 миллиард сўм маблағ эвазига мактабда яна 180 ўринли бино қад ростлади. Бу ерда ҳам мактабга кириб-чиқиш йўлини тўсган сой устида 17 метрлик кўприк, болаларнинг спорт билан шуғулланиши учун мини футбол майдончаси қурилди.

— Вилоят прокуратурасидан одамлар келиб, янги мактаб қурамиз, дейишганида ишонмаган эдик, - дейди 45-умумтаълим мактаби директори Раҳмиддин Болиқулов. – Аммо ишлар жуда жадал бошланиб кетди. 5 ой деганда янги биномиз битди. Бу ерда 7 та гузардан ёшлар келиб ўқийди. Энди шароитимиз шаҳар мактаблариникидан ортиқ бўлса бордир, лекин кам эмас. Бундан айниқса, ўқувчиларимиз жуда хурсанд.

Асқар БАРОТОВ.